Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Биргаликда яхшироқ: тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун 80 йил ва янада кўпроқ” шиори остида бўлиб ўтган БМТ юбилей анжумандаги нутқи, жумладан, экология муаммоларини ҳал қилишда халқаро ҳуқуқнинг ролини янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар – сувдан оқилона фойдаланиш, иқлим миграцияси бўйича ҳуқуқий механизм яратиш, Орол бўйини тиклаш ишлари халқаро ҳуқуқий тизимда янги меъёрлар шаклланишига туртки бўлади.
Дунё аҳолисини ташвишга солаётган глобал муаммолар – атроф-муҳит муҳофазаси, сув танқислиги, иқлим ўзгариши, атмосфера ифлосланиши, яшиллик камайиб, чўлланиш кенгайиши билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон етакчиси бу гал ҳам олий минбардан туриб глобал экологик таҳдидлар юзасидан фикр билдирди. Халқаро ҳамжамиятни бу борада қатъий чоралар кўришга чақирди. Тобора кучайиб бораётган иқлим ўзгариши, Орол денгизи фожиаси, сув ресурслари тақчиллиги ва иқлим миграцияси каби муаммолар бутун инсоният тақдирига дахлдорлигини таъкидлади. Мамлакатимизда Орол бўйи экология тизимини тиклаш бўйича ишлар изчил давом эттирилаётганига урғу берди.

– Экология ўзгаришининг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграцияси кучайиб бораётганидир, – деди Президентимиз. – Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз.
2018-2025 йиллар оралиғида мамлакатимиз Бош Ассамблеянинг 13 резолюцияси ташаббускори сифатида майдонга чиқди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 72-, 75-, 76- ва 78-сессияларидаги чиқишларида экология масаласига алоҳида тўхталган. Масалан, 2020 йил 23 сентябрда 75-сессияда қатор амалий таклифлар билдирган. Яъни, Орол фожиаси бутун ер юзининг экология муаммосига айлангани қатъий таъкидланиб, Орол бўйи минтақасини “экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш ва БМТ махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган. Шунингдек, 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли дарахт ва буталар экиш орқали экологик мувозанатни тиклаш режаси ҳақида сўз юритган эди. Бугун бутун дунё Ўзбекистон ана шу режанинг уддасидан чиққанига гувоҳ бўлиб турибди.
Президентимиз бу галги маърузасида 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинишини айтиб ўтди.
2021 йил бўлиб ўтган 76-сессияда Ўзбекистон етакчиси иқлим ўзгариши, биология хилма-хиллиги йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши инсоният олдидаги энг йирик таҳдид эканини қайд этди. Шу муносабат билан 2030 йилгача энергия самарадорлигини икки баробар ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва атмосферага чиқадиган зарарли газ миқдорини сезиларли даражада камайтириш лозимлигини таъкидлади.
Табиийки, бу борадаги вазифаларни бажаришда ҳам мамлакатимиз намуна бўлиб келаётгани дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этиляпти.
2023 йил БМТ 78-сессиясида Шавкат Мирзиёев “уч карра глобал инқироз” – иқлим ўзгариши, табиий муҳит ифлосланиши ва биология хилма-хиллиги йўқолишига яна бир бор эътибор қаратди. Шу билан бирга Марказий Осиё иқлим ўзгариши олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақамизда иқлим ўзгариши салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражаси камайиши тенденцияси билан боғлиқ маълумотлар келтирилди.
Шу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди.
Бир сўз билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги чиқишлари Ўзбекистоннинг халқаро майдонда экология сиёсати борасидаги фаоллиги ва масъулиятини намоён этади. Бу нутқлар нафақат миллий манфаатларга, балки бутун инсониятнинг барқарор келажагига қаратилган муҳим чақириқлар сифатида тарихга кирмоқда. Қолаверса, минтақавий хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий баёнотларга айланмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА