1 октябрь куни АҚШда янги молиявий йил бошланди. Афсуски, ҳалигача Конгресс томонидан бюджет тасдиқланмаган.
Шу боис ҳукумат ўз фаолиятини тўхтатиш, яъни “шатдаун” эълон қилишга мажбур бўлди. Гап шундаки, куни кеча Сенат икки партиявий молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қила олмади ва чоршанба кунига қадар танаффус жорий этди. Бунинг ортидан аввалроқ Оқ уй давлат идораларига ёпилишга тайёргарлик кўришни буюрган эди.
Президент Дональд Трамп аввалроқ ҳукумат фаолияти тўхташидан ходимлар ва иш ҳақини кескин қисқартириш мумкинлигини айтганди. У бюджет муваффақиятсизлигида демократларни айблади ва ушбу вазиятдан республикачиларга ёқмайдиган дастурларни чиқариб ташлаш учун фойдаланишга ваъда берди.
Конгресс АҚШ Қуролли кучлари тўлиқ қувват билан хизмат қилишда давом этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш федерал идоралари ходимлари ҳам вазифасини давом эттиришини айтди. Фақат улар маош олмай туради.
Таъкидлаш жоиз, Трамп иккинчи президентлик муддати бошидаёқ шатдаун таҳдидига дуч келган, аммо вазиятнинг олди олинганди. У демократлар очиқ қолдиришни истаган чегара, ҳужжатсиз муҳожирлар учун соғлиқни сақлаш харажати ва жинсни ўзгартиришни рағбатлантириш масалаларини келаси молия йилида бюджет келишувига эришиш учун тўсиқ сифатида келтирган.
АҚШда илгари ҳам ҳукумат иши тўхтаган ҳолатлар кузатилган. Тарихда энг узоқ фалажлик айнан Трампнинг биринчи президентлик муддатига тўғри келган. Ўшанда мамлакат 35 кун давом этган ва 2019 йил январда якунланган энг узоқ шатдаунга гувоҳ бўлган. Шу давр ичида 420 000 киши кейинроқ тўланиши ваъдаси билан ишлаган, 380 000 ходим эса маошсиз таътилга чиқарилган. Бутун агентликлар ёпилган, ҳужжатларни қайта ишлаш кечиктирилган. Транспорт ходимлари етишмаслиги туфайли жамоат транспорти кечикиши кенг тарқалган. Хиёбонларда чиқинди тоғлари пайдо бўлган, давлат музейлари ёпилган. Демократлар бу даврдан маошидан айрилган амалдорларга озиқ-овқат тўплами тарқатиб, сайлов олди ташвиқоти учун фойдаланганди. Трампнинг ўзи Оқ уйга таклиф қилинган чемпион спортчиларни “Макдональдс” бургери билан меҳмон қилган. Сабаби, у ошпазни номаълум муддат билан таътилга жўнатган эди.
Президент тушунтиришича, ихтиёрий харажат учун маблағ етишмай қолса, АҚШ ҳукумати айрим ходимларни ишдан бўшатади, муҳим бўлмаган харид ва давом этаётган давлат харажати тўхтатилади.
Таҳлилчилар айтишича, Федерал ҳукумат маблағи сарфи тўхтатилиши, одатда, узоқ муддатли салбий оқибатга олиб келмайди. Қисқа муддат харажат музлатилиши, эҳтимол, даромадининг бир қисмини йўқотадиган давлат хизматчилари учун кўпроқ сезилар. Шунингдек, ихтиёрий сарф-харажат учун маблағ етишмаса, баъзи ходимлар ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқади, муҳим бўлмаган харидлар ва жорий давлат харажати тўхтатилади.
С.Раҳимов, ЎзА