Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига чек қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
2025 йил 28 сентябрда кучга кирган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун шу йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Конституцияга кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда Омбудсманга ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор-қидирув фаолияти ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича келиб тушган 1 минг 131 мурожаатнинг энг кўпи ички ишлар (74,3 фоизи) ҳамда прокуратура (16,4 фоизи) органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилиги юзасидан келиб тушган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани ҳақида 191 шикоят қайд этилган.
Мазкур шикоятларнинг 16 таси бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган.

Ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 13 шикоят юзасидан 15 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган. 3 шикоят юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бу эса, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тарзидаги чора қўлланилган шахсларнинг қийноққа солиниши ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш мақсадида ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш чоғида гумон қилинувчи ва айбланувчи тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин уларни тергов ҳибсхоналарининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиб-таомилини жорий этиш зарурати юзага келганини кўрсатади.
Юқоридагиларни инобатга олган холда, шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда у билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилган.
Қонун билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин улар тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилишини назарда тутувчи янги-27-1-модда билан тўлдирилди.
Унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрик улар тергов ҳибсхонасига олиб келинган пайтдан эътиборан икки соат ичида тиббий ходим томонидан ўтказилиши белгиланди.
Мажбурий тиббий кўрикни ўтказишда қамоққа олинганнинг розилиги билан унинг адвокати ҳам иштирок этиши мумкин. Мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилади.
Тиббий маълумотноманинг нусхаларини бериш тартиблари қонунда кўрсатилган. Мажбурий тиббий кўрик чоғида қамоққа олинганнинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланган тақдирда, улар тегишли тартибда қайд этилиб, бу ҳақда қамоққа олинганга маълум қилинади. Бу ҳақда зудлик билан прокурорга хабар берилади.
Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган қамоққа олинганлар бошқа жойга ўтказилганда ёки процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун олиб чиқилиб, тергов ҳибсхонасига қайтарилганда улар ушбу моддада назарда тутилган тартибда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА