Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув тизимини яхшилаш йўналишида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқаро молия институтлари, инвестор ташкилотлар ҳамда хусусий сектор билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.
ЎзА мухбири “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Нодир Хўжамов билан мамлакатда амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган ичимлик суви ҳамда оқова тизимларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўналишлари ва давлат-хусусий шериклик механизмлари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
– Нодир ака, ҳозирги кунда сув таъминоти соҳасида халқаро ҳамкорлик қай даражада фаоллашган?
– Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Улар орасида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестиция банки, Франция тараққиёт агентлиги, Саудия тараққиёт жамғармаси, ОПЕК жамғармаси ва бошқалар бор. Ушбу ҳамкорликлар орқали ҳозирги кунда умумий қиймати 2,18 миллиард долларга тенг 21 та лойиҳа амалга ширилмоқда.
Жалб этилган маблағларнинг 61 фоизи – 1,34 миллиард доллари ичимлик суви таъминотига, қолган 39 фоизи – 840 миллион доллари эса оқова сув тизимларини ривожлантиришга йўналтирилган.
– Бу лойиҳалар қайси ҳудудларни қамраб олади ва уларнинг ижтимоий аҳамияти нимада?
– Айнан ушбу лойиҳалар доирасида республика бўйлаб 9,5 минг километрга яқин сув тармоқлари ва 3,2 минг километр оқова тармоқлари қурилади. Жами 30 дан ортиқ тозалаш иншоотлари ва юзлаб насос станциялари, тақсимлаш иншоотлари ҳамда сув ҳавзалари барпо этилади. Бу орқали 4,1 миллион нафар аҳоли тоза ичимлик суви, 2,1 миллион аҳоли эса оқова хизматлари билан таъминланади.

– 2025 йил учун белгиланган режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Жорий йилда умумий қиймати 2,18 миллиард долларлик 21 та лойиҳа доирасида 453,5 миллион доллар қарз маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган. Бу маблағлар Осиё тараққиёт банки, ЕТТБ, Жаҳон банки, Франция агентликлари ва бошқа инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур маблағлар ҳисобидан 1 046 км ичимлик суви тармоғи, 318 км оқова сув тармоғи, 30 та ичимлик суви ва 14 та оқова сув иншооти қурилади. Йил якунигача 334 минг нафар аҳоли ичимлик суви, 206 минг нафар аҳоли эса оқова хизмати билан таъминланиши кўзда тутилган.

– Соҳада истиқболда қандай йирик лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда?
– Ҳозирги пайтда қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 21 та истиқболли лойиҳа устида иш олиб бориляпти. Жумладан, ОТБ, ОИИБ, KfW (Германия), Франция агентликлари, Саудия тараққиёт жамғармаси ва бошқалар билан ҳамкорликда янги дастурлар ишлаб чиқиляпти. Уларнинг айримлари бўйича техник-иқтисодий асосномалар тайёрланган, баъзиларида эса молиялаштириш манбалари бўйича музокаралар давом этмоқда.
Мақсад – 2028 йилгача яна бир неча миллион аҳолини тоза ичимлик суви ва оқова хизматлари билан қамраб олиш, мавжуд инфратузилмани тубдан янгилаш ва рақамлаштириш.
– Хусусий сектор иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
– Ҳозирги кунда давлат-хусусий шериклик асосида 1,8 миллиард долларлик 5 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Улар орасида БААнинг “Taqa Water Solutions”, Испаниянинг “Almar Water”, Франциянинг “SUEZ”, Мисрнинг “Hassan Allam” ва Саудия Арабистонининг “Miahona” каби компаниялари билан ҳамкорликдаги лойиҳалар бор.
Масалан, Тошкент шаҳрида замонавий оқова сув тозалаш иншооти, Самарқанд вилоятида йирик қувватли тозалаш станциялари, Сурхондарё, Фарғона ва Жиззах вилоятларида сув таъминотини яхшилаш ишлари режалаштирилган.
Бу лойиҳалар 2026 йилгача тўлиқ амалга оширилиши кутилмоқда ва улар соҳага хусусий сармояни кенг жалб қилиш, замонавий менежмент услубларини татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
–Бу ислоҳотлар орқали қандай натижалар кутилмоқда?
– Барча ишларимиз аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, соғлом санитария муҳитини таъминлаш, экологик барқарорликни сақлаш мақсадида олиб борилмоқда. Халқаро ҳамкорлик, давлат-хусусий шериклик, техник модернизация ва рақамлаштириш соҳанинг келажагини белгилаб берувчи асосий йўналишлардир.
Йирик лойиҳалар орқали нафақат инфратузилмани янгилаш, балки соҳага юқори технологияларни, самарали бошқарувни ва барқарор молиявий механизмларни жорий этишга интилмоқдамиз.
Нилуфар Бозорова суҳбатлашди, ЎзА