Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 80,9 фоизни, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси эса 20,9 фоизни ташкил этади.
Аҳоли орасида ичимлик суви истеъмоли ва тўлови интизомини шакллантириш, марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида тизимда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида жойларда истеъмолчилар томонидан қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилиб, етказилган зарар тегишли тартибда ундириляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.
2025 йилнинг ўтган даврида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан тегишли назорат органлари билан ҳамкорликда сув таъминоти ва оқова сув тизимларига жами 2 285 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган.
Бунда энг юқори кўрсаткичлар Сирдарё вилоятида 433 та, Наманган вилоятида 194 та ва Тошкент вилоятида 180 тани ташкил этган.
Жами аниқланган қонунбузарликлар туфайли жамият манфаатларига жами 47 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан республика бўйича 20,2 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узилган. Ушбу ҳолатларнинг 15,5 мингтаси, яъни энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Таъкидланишича, ўтган давр давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича 49,9 минг нафар истеъмолчидан жами 165,9 миллиард сўмлик маблағни ундириш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
Киритилган ишлар бўйича судлар томонидан 21,4 мингта 55,2 миллиард сўмлик суд қарорлари қабул қилиниб, бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ижро варақалари ижросини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Брифингда сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик учун амалдаги қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилгани, қонунбузарларга белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши таъкидлаб ўтилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА