Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланди. Унда соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган меҳнат фахрийлари, бугунги кунда фидойилик билан ишлаётган фаоллар, халқимиз суйган санъаткорлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Фарғона заминида туғилиб ўсган, ўзининг ноёб истеъдоди билан халқимиз кўнглидан жой олган улуғ санъаткорлар, шунингдек, бугунги кунда халқимиз хизматида бўлиб турган соҳа ходимларини эътироф этувчи “Санъатдан бахтини топганлар” номли видеоролик намойиш этилди.


Фарғона азалдан мамлакат маданият ва санъат соҳасига буюк намоёндаларни етказиб берган марказдир. Вилоятда ҳозирги кунда ҳам миллий маданиятни янада ривожлантириш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ҳамда ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, ёшларнинг маданият, санъатга бўлган қизиқишларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шуни айтиш керакки, фарғоналик ижодкорлар ўзбек санъати ютуқларини чет элларда ҳам тарғиб этишда фаоллик кўрсатишяпти.


– Қўшни Қирғизистон, Тожикистондан ва яна бошқа хорижий мамлакатларда театр жамоамиз саҳна асарларини кўрсатиб келишяпти, – дейди Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. – Фарғона вилоят делегацияси таркибида маданият ходимлари, санъаткорларимиз, филармония жамоаси бугун Туркияга учиб кетишди. Ташрифдан кўзланган мақсад Фарғона вилоятидаги маданият, санъатни турк давлатидаги қондошларимизга кўрсатиш ва бизга берилаётган имконият, шароитларни тарғиб қилиш.


Тантанада санъат ва маданият фидойиларига Фарғона вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Lzrs3g9PvXA" title="Madaniyat va sanʼat xodimlari kuni nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат), ЎзА мухбирлари