Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада “Ўрик гуллаганда” фестивали (+видео)

Баҳорнинг чинакам гўзаллиги ўрик гуллаганда билинади. Боғлар, йўл ёқалари, хонадонлар нурга тўлади, гўё.

“Ўрик гуллаганда”  ёшлар ижодиёт фестивали Фарғона вилоятида бу йил иккинчи марта ўтказиляпти. Олтиариқ тумани ҳудудидаги юзлаб гектар боғлар қийғос гуллаган. Айниқса, қир-адирлар бағридаги ўрикзорлар кўзни қамаштиради. Фестивалнинг расмий очилишида ташкилотчилар “Ўрик гуллаганда” Фарғонанинг ўзига хос миллий анъанасига айланиб бораётганини таъкидлашди.

Халқ лапарлари, замонавий қўшиқлар ўрикзорнинг анвойи сасига уйғунлашди.

– Кўзимдан ой топар мардона гуллар,

Гуллайди кўксимда девона гуллар.

Кўнглимга кўчади Фарғона гуллар,

Дилим Фарғонажон, гулим Фарғона.

–Бугун баҳор Фарғонадан бошланганга ўхшайди, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Дилнавоз Қўлдошева. – Чунки аслида баҳор бир оз кечиккандек эди. Аммо ўрик гулларига тўла бу боғда ҳақиқий баҳор таровати, Наврўз шукуҳи кезяпти. Халқимизнинг қалбида хурсандчилик, кўзида қувонч.  

Ўн гектардан зиёд чаман бўлиб гуллаган ўрикзорда миллий ўйинлар, фольклор жамоалари чиқишлари, рассом ва ҳунармандлар асарлари намойиши, ёш полвонлар ўртасидаги кураш мусобақалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, шеърхонлик, каби тадбирлар ташкил этилди. Кекса отахону-онахонлар замонга шукрона айтиб, дуога қўл очишди.

Вилоятнинг таниқли санъаткорлари бирин-кетин саҳнага чиқдилар.

“Ўрик гуллаганда” фестивалида Фарғона вилоятида ишлаётган, ўқиётган хорижликлар ҳам иштирок этишди.

[gallery-22322]

– Мен Ҳиндистонликман ва тиббиёт институтида ўқийман, – дейди Дайманд. – Яқинда миллий байрамимиз Холли Фарғонада ҳам кенг нишонланди. Ўзбеклар бағри кенг халқ экан. Қувончимизга шерик бўлишди. Бугун эса биз уларнинг миллий фестивалида ўз рақсларимиз билан қатнашяпмиз.

– Мен биринчи курсда ўқийман. Таълим олиш учун Ўзбекистонни, Фарғонани танлаб тўғри қилган эканман. Менга “Ўрик гуллаганда” фестивали ёқди. Янги дўстлар ортирдим бугун, – дейди Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти 1- босқич талабаси ҳиндистонлик Муҳаммад Ҳамид.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Et5AdsE_LYg" title="Farg`onada “O`rik gullaganda” festivali" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Боғ оралаб миллий кийимлар намойиши бошланди.

– Олимми, ижодкорми, шоирми, санъаткорми, ҳунармандми, тадбиркорми байрамни биргаликда нишонлаётганимиз халқимизнинг жипслиги, бирдамлиги, бир- бирига елкадош эканидан далолат беради, – дейди Дилнавоз Қўлдошева. – Муҳтарам Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотлар ҳаётда исботини топмоқда. Фарғонадан бошланган баҳор бутун республикага, бутун дунёга шукуҳ улашишига ишонаман. Фарғонага келинг, “Ўрик гуллаганда” фестивалида бирга бўлинг.  

Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов, Муқимжон Қодиров (сурат, видео),

ЎзА мухбирлари