
Фурқат тумани Фарғона вилоятининг саноати кам ривожланган ҳудудларидан бири. Аммо 2025 йил учун жуда катта лойиҳалар режалаштирилган ва бу алоҳида мавзу.
Туман ҳокимлиги вазиятдан келиб чиқиб “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини ривожлантирмоқда. Ҳозир бир маҳалла гулчи бўлса, яна бирида сутчилик, кейингиси эса сутни қайта ишлашга ихтисослашган.

Шунқор маҳалласида 1050 та хонадон бўлиб, унда 1300 та оила, 4460 нафар аҳоли яшайди. Бу ерда қайси уйга кирманг, мебелсозлик билан шуғуланаётганини кўрасиз. Ҳозирнинг ўзида “Шунқор”да мебелсоз 50 дан зиёд оилавий корхона ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолият кўрсатяпти.

– Маҳалламиз мебелчиликка ихтисослашган бўлиб, 300 зиёд аҳоли ўзини ўзи иш билан банд қилиб келяпти. Шу йилнинг ўзида 30 дан зиёд лойиҳани амалга оширдик ва 120 та янги ишчи ўрни яратдик, – дейди туман ҳокимининг “Шунқор” МФЙдаги ёрдамчиси Улуғбек Умаралиев. – Қувончли томони шундаки, оилавий корхоналарда ишлаб чиқарилган мебель маҳсулотлари хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилиняпти.

Шундай хонадонлардан бири Зокиржон ака Нишоновлар оиласидир. Уста дастлаб фарзандлари билан иш бошлаган эди.


– Корхонамизнинг ташкил топганига 20 йил бўлди. Унинг асосчиси дадам бўладилар. Бу ерда ака-укалар, қўни-қўшнилар, жами 6 киши ишлайди, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Бобур Усупалиев. – Бундан ташқари, бир нечта шогирдларимиз ҳам бор. Қаттиқ ва юмшоқ мебеллар ишлаб чиқарамиз. Уларнинг бир қисмини Тожикистонга экспорт қиляпмиз. Асосан ички буюртмаларни бажарамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QP3_kek_1Ps" title="Bir mahalla – bir mahsulot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бугун нафақат Фурқат, балки қўшни Бешариқ, Ўзбекистон, Данғара туманлари, Қўқон шаҳри бозорларида Шунқор маҳалласида ишлаб чиқарилган мебеллар харидоргир. Чунки, асосий эътибор сифатга қаратилган.
– Оиламиз тинч, тўқ. Шу касб ортидан уйлар қуриб, тўйлар қилдик. Энг муҳими, ҳамюртларимизга арзон мебел етказиб бериб уларнинг дуосини оляпмиз, – дейди уста Зокиржон ака Нишонов.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари