Ўзга юртлардаги кутубхоналарда сақланаётган нодир қўлёзмалар, уларнинг аҳамиятли жиҳатлари – Ўзбек олимаси билан суҳбат
*Беш минг километр йўл босиб келиб, қўлёзмани топмай кетмайман.
*Берлин кутубхонасида сақланаётган Бобожон Санойининг “Таворихи Хоразмшоҳия” асарини топиш учун анча изландик.
*Ҳусайн Хоразмийнинг Франциядан олиб келинган “Насиҳатномаи Шоҳий” асарининг мазмун-моҳияти ҳақида қачон билиб оламиз?
Кўп асрлар олдин юртимизда яшаб, ижод қилган шоир, ёзувчи, астроном, тарихчи-олимларнинг яратган нодир асарлари турли сабаблар билан ўзга юртлардаги фондларда сақланмоқда. Ўтган йилдан бошлаб бир гуруҳ ижодкорлар томонидан қўлёзмаларни ўрганиш ҳаракати бошланди.

Улар орасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, филология фанлари доктори Гулноз Халлиева ҳам бор. Г.Халлиева билан изаниш жараёни ва қўлга киритилган ютуқлар ҳақида суҳбатлашдик.
– Германия ва Францияга қилинган хизмат сафаридан кўзланган мақсад нима эди?
– Тошкент давлат шарқшунослик университетида амалга оширилаётган “Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш” инновацион лойиҳасида бир қанча профессор-олимлар фаолият юритади.
Мазкур лойиҳанинг мақсади Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларни ўрганиб, улар ҳақидаги маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратишдан иборат. Шу муносабат билан 2021 йил декабрь ойида Германия, 2022 йил март ойида Франция давлатига илмий сафарда бўлиб қайтдик. Натижада Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган бир қанча қўлёзмалар аниқланди, айримларининг фотонусхалари олиб келинди.
– У ерда асосан Ўзбекистонга тегишли қайси қўлёзмалар сақланар экан?
– Илмий сафаримиз давомида, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган қўлёзмалар билан бир қаторда, Алишер Навоий асарларининг 40 дан ортиқ қўлёзма нусхалари борлиги аниқланди. Мазкур қўлёзмаларнинг энг кўпи (35 та) Берлин кутубхонасида сақланади. Улар орасида шоирнинг “Хамса”, “Лисон ут-тайр”, “Мажолис ун-нафоис”, “Хамсат ул-мутахаййирин”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби асарлари, девонлари мавжуд бўлиб, турли даврларда кўчирилган дурдона нусхалар саналади.

Германиянинг Мюнхен шаҳридаги кутубхонада Навоийнинг 4 та қўлёзма асари борлиги маълум бўлди. Улар шоирнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Тарихи мулки ажам” асарлари ва 2 та шеърий девонидан иборат.
– Қўлёзмаларни ўрганишда қандай машаққатлар бўлди?
– Албатта, иш бор жойда машаққат ҳам бўлади. Вақт қисқа, аммо натижа билан қайтиш муҳим эди. Германиядаги Берлин, Дрезден, Гота, Лейпциг, Мюнхен кутубхоналарида бор йўғи 20 кун, Париж кутубхонасида атиги 10 кун ишлашимга тўғри келди. Олдиндан ўзимиздаги ва чет элдаги қўлёзмалар ҳақидаги каталогларни солиштириш орқали тахминан қаерда, нима борлигини билардик. Аммо борганимизда уларни топиш осон бўлмади. Чунки аксарият каталоглар XIX аср охири XX аср бошида яратилган, салкам 100 йил ўтган ва кўп нарсалар ўзгарган эди.
Айниқса, Хоразм тарихига оид бўлган, дунёда ягона нусхада фақат Берлин кутубхонасида сақланаётган Бобожон Санойининг “Таворихи Хоразмшоҳия” асарини топиш учун анча изландик. Сабаби 1929 йилда бу асар ҳақида биринчи бўлиб хабар берган рус академиги В.В.Бартольд қўлёзма номини ўз мақоласида “Таворихи Хоразмшоҳия” деб кўрсатган. Аммо бу асар ҳозирда Берлиндаги каталогда “Маориф ун-насаб” деб номланган. Мазкур қўлёзмани топишда бизга В.В.Бартольднинг қўлёзма 195 бетдан иборатлиги ҳақидаги хабари жуда катта ёрдам берди ва салкам 210 та қўлёзмани бирма-бир кўздан кечириш асосида ниҳоят 195 бет, 390 варақ қўлёзма топилди.

Кутубхона ходими топа олмаётганидан ҳафсаласи пир бўлганида, мен қатьий турдим. 5000 километр узоқдан кела туриб, бу қўлёзмани топмасдан кетмаслигимни айтдим. Бу гапимни эшитган кутубхонанинг бошқа ходимлари ҳам менга астойдил ёрдам беришга киришди.
– Қўлёзмаларнинг алоҳида аҳамиятли жиҳатлари, илм аҳлига маълум бўлмаган қирралари ҳақида тўхталсангиз?
– Париж миллий кутубхонасида текшириб улгурганимиз 229 та туркий қўлёзма орасидан жами 22 та, Германия кутубхоналаридан 19 та Ўзбекистонда йўқ қўлёзмани аниқлашга муваффақ бўлдик. Ўзим Хоразмдан бўлганим учунми ёки тасодифми, дастлаб ватанимиз кутубхоналарида учрамаган, илм аҳлига номаълум бўлган Хоразм манбаларини топишга муваффақ бўлдим. Улардан бири юқорида тилга олганимиз Бобожон Санойининг “Таворихи Хоразмшоҳия” асари бўлиб, қўлёзма муқаддима ва бешта бобдан иборат. Муаллиф ёзган қуйидаги изоҳдан маълум бўлишича, асар сўнгида хотима ёзиш ҳам режалаштирилган, аммо бу қисм қўлёзмада ўз аксини топмаган.
“Эмди, бу китоби мустатоб бир муқаддима бирла беш боб ва бир хотимаға тақсим топди. Муқаддима Ҳазрати Соҳибқирон Элтузархони жаннатмаконнинг хонлиғ замонларидағи баъзи ўзлариға хос бўлғон воқеъалар баёнидадурким, соҳибқиронлиғ иқболининг осори эрди. Аввалғи боб Ҳазрати Одам алайҳиссаломдин то Нуҳ алайҳиссаломғача баён топар. Иккиланжи боб Ёфас бин Нуҳ алайҳимуссаломдин то Қўнгирот жамоасининг зикри ва мағул подшоҳларининг воқеъаларининг баёни турур. Учланжи боб Қурлос авлодидин подшоҳ бўлғонларнинг маротиблари баёнида турур. Тўртланжи боб Ҳазрати подшоҳ соҳибқирон яъни Элтузархоннинг обову аждод ва ато боболарининг баёнида турур. Бешланжи боб Элтузархоннинг анодин бўлғонларидин то бу замонғача ва бу китоб ёзилғон вақтға тегру ҳар не ишлар, бу Хевақ ва Хоразм дорус-салтанасида пайдо бўлубдур, онинг баёнида турур. Хотимаи китоб ҳар авлиёи иъзом ва уламои киром ва умарои завиал эҳтиром ва соҳиби давлат беклар ва покиза табиъат табиъат шоирлар ва донишманд фозиллар ва фалотун фикрат ҳакимлар ва яна бир нечта ажойиб ва ғаройиб ишларким, Элтузархоннинг вақтида ва ондин сўнгра то бу кунгача бўлуб ўтубдур, борчаси мужмалан ҳикоят этилур иншааллоҳу таъоло ваҳидиҳал аъзиз”.
Хоразм тарихига оид “Маориф ун-насаб” қўлёзмасини ўқиш ва ўрганиш жараёнида Бобожон Санойининг ҳақиқатда иқтидор эгаси эканлигига амин бўлдик. Асарда тарихий воқеалар баёни баробарида минг мисрадан ортиқ шеърий парчалар ҳам берилган. Галдаги изланишларимиз ушбу қўлёзмани тўлиқ табдил, таҳлил ва талқин қилишни тақозо этади.
Париж миллий кутбхонасида топилган энг ноёб қўлёзмалардан бири Камолиддин Ҳусайн Хоразмийнинг (1466-1551) “Насиҳатномаи Шоҳий” асаридир. Ҳусайн Хоразмий Кубравия тариқатининг Ҳусайния силсиласи асосчиси, ўз даврининг уламоси, шоири-даврони бўлган. Огаҳий Ҳусайн Хоразмий ҳақидаги “Мифтоҳ ут-толибин” асарини форсчадан туркийга ўгирган.
Самарқандда бир муддат яшаб ижод этган Ҳусайн Хоразмий шарафига “Махдуми Хоразмий” (2002) жамғармаси ташкил этилган. Ҳусайн Хоразмийнинг ибратли ҳаёти ва ижоди дунё тасаввуфшунос олимлари томонидан кўп бор эътироф этилган, аммо ўзбек филологиясида адиб ижоди деярли ўрганилмаган. Ҳозирда шогирдларимиз билан Ҳусайн Хоразмийнинг Франциядан олиб келинган “Насиҳатномаи Шоҳий” асарини тадқиқ қилишни бошладик. Яқин орада бу асар мазмун-моҳиятидан халқимизни баҳраманд қилишни режалаштирганмиз.
– Қўлёзмаларни ўрганиш жараёнида нималарни ҳис қилдингиз?
– Энг қатта қувончим қўлёзмаларимизни кўздан кечираётганда, юксак фахр туйғуси эди. Ҳар бир қўлёзмани топганимда, болалардек қувончим ичимга сиғмасди. Ёнимда биргина бўлса ҳам ўзбек ватандошим бўлсаю, шодлигимни баҳам кўрсам дердим. Бир томондан қувонсам, иккинчи томондан ўз қўлёзмаларимизнинг хориждалигига ачинардим. Ўз даврида рус академиги В.В.Бартольд ҳам асарнинг умумий хусусиятлари ҳақида ўз фикрини билдирар экан, Бобожон Санойи катта иқтидор эгаси эканини, унинг қўлёзма асари Германияда эмас, ўз юртида ёки Ленинградда сақланиши кераклигини таъкидлаган эди.

Бу ҳали катта ишларнинг бошланиши. Биз “Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш” лойиҳаси асосида Финляндия, Австрия, Бельгия, Нидерландия, Италия каби Европа давлатларида сақланаётган туркий қўлёзмаларни ўрганишни ҳам режалаштирганмиз. Келажакда ушбу давлатларнинг кутубхоналарида мавжуд қўлёзмаларимизни ҳам имкон қадар ҳақиқий эгасига, беғубор, хокисор халқимизга ўрганиш йўли билан қайтариш, илм аҳлига танитиш ва тадқиқотлар олиб бориш ниятидамиз.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди