Футбол: U-23 Осиё кубогида қатнашадиган таркиб эълон қилинди
Маълумки, 1-19 июнь кунлари мамлакатимизда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.
28 май куни Осиё кубогида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси пойтахтимиздаги «ЖАР» стадионида сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.
"Париж-2024" Олимпиадаси учун муҳим тайёргарлик босқичи бўлган ушбу ўқув-йиғинга бош мураббий Темур Кападзе 30 нафар ёш футболчини жалб этганди.
Ўн кунга яқин вақт мобайнидаги тайёргарлик якунларидан сўнг бугун бош мураббий Осиё кубогида иштирок этадиган мамлакат терма жамоасининг асосий таркибини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз гуруҳ босқичида Туркманистон, Қатар ва Эрон вакиллари билан баҳс олиб боради. Ҳамюртларимиз илк ўйинни 1 июнь куни пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионида Туркманистон термасига қарши ўтказади.
Т. Рўзиев, ЎзА