Бухоро шаҳар ҳокимлигида халқаро зардўзлик ва заргарлик, каштачилик санъати фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакиллари, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва Ўзбекистонда доимий фаолият юритаётган хорижий журналистлар, марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар қатнашди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев, Туризм ва маданий мерос вазирининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев, Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировлар йиғилганларга халқаро зардўзлик ва заргарлик, каштачилик санъати фестивали доираси амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида ахборот берди.
Анжуманда Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилиши ҳам маълум қилинди.
Бугун, 21 май куни соат 19:00да халқаро фестивалнинг очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилган эди. Ноқулай об-ҳаво, яъни Бухорода чанг бўрони бўлаётгани сабабли халқаро фестивалнинг очилиш маросими бошқа кунга кўчирилиши мумкинлиги айтилди.
Таъкидланганидек, 4 кун давом этадиган халқаро фестивалда Республикамизнинг барча ҳудудларидан 288 нафар ҳунармандлар қатнашмоқда. Шулардан 110 нафари заргар, 37 нафари зардўз, 44 нафари каштадўз, 97 нафари ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётганлар.
Фестивалда 58 та давлатдан 221 нафар хорижликлар иштирок этмоқда. Шулардан 112 нафари ҳунармандлар. Шунингдек, 9 нафар фахрий меҳмон, 4 нафар юқори мартабали хорижлик давлат арбоблари ҳам бор.
[gallery-7204]
Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, жумладан, фестивал иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилмоқда. “Bukhara Fashion days” мода ҳафталиги, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик ва дорбозлар томошалари, вилоятлар фольклор жамоалари ва маданият бошқармалари концерт дастурлари, ош танлови, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, “Ўзбекистон заргарлик ва зардўзлик санъати” ва “Зардўзлик санъати” номли китоблар тақдимоти, Бухоро шаҳридаги мавжуд машҳур зардўз ва заргарлар устахоналарига экскурсиялар уюштирилади.
Меҳмонлар ва иштирокчиларга 150 та меҳмонхона, 49 та кафе ва ресторанлар хизмат кўрсатмоқда.
Ўз маҳсулотлари кўргазма-савдосини ташкил этиш учун 500 та шатёрлар ташкил қилинган.
Тадбирга Республикамизнинг барча вилоятларидан иштирокчилар келиб кетиши учун Тошкент – Бухоро – Тошкент, Фарғона –Бухоро –Фарғона йўналишида чартер авиарейслар ташкил этилган. Бундан ташқари, Қашқадарё, Самарқанд, ва Хоразм вилоятларидан автобуслар қатнови йўлга қўйилган.
Фестивалда иштирок этиш учун хорижий мамлакатларнинг заргарлари томонидан 20 килограмм кумуш, 10 килограмм олтин буюм маҳсулотлари олиб келинган. Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали низомига асосан фестивал доирасида маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади.
Кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳоратини етти кишидан иборат таркибдаги халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳаларнинг намояндалари киритилган.
Халқаро ҳайъат кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарсларини “Энг яхши заргарлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўзлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўз”, “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўзлик мактаби устаси”, “Энг яхши заргарлик мактаби устаси”, “Зардўзлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Заргарлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган зардўз”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган заргар”, “Энг ёш маҳоратли зардўз”, “Энг ёш маҳоратли заргар” номинациялари бўйича баҳолайди.
Номинациялар бўйича ғолиблар махсус диплом ва пул мукофоти билан тақдирланади.
Анжуманда журналист ва блогерларнинг саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА