Коррупцияга қарши курашиш Сирдарё вилояти ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева, ҳоким ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, ҳудудий Кенгаш аъзолари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Унда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва унинг қуйи тизимларида коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар, коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг иш режасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди.
Вилоят ҳокими, ҳудудий кенгаш раиси Ғофуржон Мирзаев жорий йил ўтган даври мобайнида вилоят бўйича мансабдорлик ва коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 105 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Бугунги кунга қадар 75 шахсга нисбатан 57 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жавобгарлик муқаррарлиги таъминланган.
Ушбу йўналишда содир этилган жиноятлар оқибатида жами 17,1 млрд. сўмлик зарар аниқланган бўлиб, шундан тергов давомида 8,9 млрд. сўм ёки 52 фоизи ундирилган.
Жиноят содир этган мансабдор ва бошқа шахсларнинг 67 нафари туман-шаҳарлар ва 8 нафари вилоят миқёсидаги корхона, ташкилот ва идораларга тўғри келади.
Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, жиноятларнинг аксарияти қурилиш, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси ходимлари томонидан содир этилган.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги тизимида учраётган коррупциявий жиноятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида янги технология ва инновациялар қўлланилиб илгари мавжуд бўлмаган пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон Реcпубликаси Ер кодексининг 23-моддасида “ижарага берилган ер участкалари олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас”лиги қатъий белгилаб қўйилган.
Бироқ прокуратура органлари томонидан бугунги кунга қадар ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ 26 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, судларга юборилган.
Бу каби қонун бузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва унинг қуйи тизимларида коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш бўйича ўтказилган ўрганишлар натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ишлаб чиқилган иш режага мувофиқ вилоят, корхона ва ташкилот раҳбарларининг ҳисобот ва маърузаларини ҳудудий кенгаш ишида эшитиш вазифаси белгиланган. Йиғилиш давомида Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим бошқармалари раҳбарларининг 2022 йил 1-чораги давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА