
Тошкентда “Космик технологиялар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишда уларнинг роли” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Тадбир «Ўзбеккосмос» агентлиги ва Британиянинг «Dialogue Events Ltd.» компанияси томонидан ташкил этилди.
Конференция дунёнинг 20 мамлакатидан космик фаолият билан шуғулланадиган 110 та компания ва ташкилотлар, шунингдек, мамлакатимизнинг 30 та вазирлик ва идораларининг 200 нафардан ортиқ иштирокчиларини бир жойга тўплади.
Учрашув доирасида бўлиб ўтган учта сессияда “Марказий Евроосиёда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун космик технологияларидан фойдаланиш”, “Ерни масофадан зондлаш технологиялари сайёрамиз ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқаришда ҳаракатлантирувчи куч сифатида”, “Янги сунъий йўлдош технологиялари: уларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, ишга тушриш” каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ўзининг табрик нутқида мазкур конференция мамлакатимизнинг ахборот технологиялар соҳасида минтақавий марказ бўлиш йўлидаги биринчи қадамидир, деб таъкидлади. “«Ўзбеккосмос» агентлиги яқинда ташкил этилган бўлса-да, унинг мақсадлари улкан. Рақамлаштириш жараёни космик технологиялар билан интеграция қилинса, бу мақсадларда эришиш янада тезлашиши шубҳасиз”, - деди вазир.
[gallery-7034]
“Мен Ўзбекистондаги ҳамкасбларим билан учрашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. “Ўзбеккосмос” агентлиги билан алоқаларга катта эътибор қаратаяпмиз. Албатта, самарали натижаларга эришиш учун ёнма-ён боришимиз керак”, - дейди Туркия Космик агентлигининг президенти Сердар Йилдирим ЎзА мухбирига берган интервьюсида.
“Ўзбеккосмос” агентлигининг бош директор вазифасини бажарувчи Шуҳрат Қодировнинг қайд этишича, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад – давлат органлари, вазирлик ва идоралар, мамлакатимиздаги йирик компанияларга геофазовий маълумотлардан фойдаланиш ва ундан олинган натижалар ҳақида маълумот беришдир. “Ўзбеккосмос” агентлиги космик технологиялардан фойдаланган ҳолда, биринчи навбатда, халқ хўжалиги, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида тезкор натижаларга эришишни режалаштиришган.
Бу борада маҳаллий ва хорижий университетлар ва компанияларда кадрлар тайёрланмоқда ва қайта тайёрланмоқда. Халқаро тажрибани ўрганиш меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш имконини беради. Ҳозирда сунъий интеллект ёрдамида мавжуд ресурсларни тармоқлар бўйича инвентризация қилиб, моделлаштирадиган тажриба дастурлари ишлаб чиқилган.
Гулруҳ Абдуллаева, ЎзА