Майдонда нуронийлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси тизимида фаолият кўрсатган нуронийлар ўртасида “Соғлом ва завқли ҳаёт учун!” шиори остида соғломлаштириш мусобақаси ўтказилди.
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси, вилоят спортни ривожлантириш, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада шаҳар ва туманлардан 200 нафарга яқин нуроний отахон ва онахон иштирок этди.
– Кексалик соғлом ҳаёт билан ўтса мазмунли, завқли бўлади, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Суҳроб Рафиқов. –Мусобақа давомида 80 ёшдан ошган отахон, онахонларнинг иштирокини кўриб, ўзимиз ҳам ўзгача завқ олдик. Бундай улуғ ёшда югуриб, баскетбол ўйнаётган нуронийларимиз сизу бизга соғлом турмуш тарзининг нечоғлик аҳамиятли эканлигини яна бир бор эслатади. Бугунги мусобақадан мақсад шундай серғайрат нуронийларни барчага ўрнак қилиб кўрсатган ҳолда спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат. Биз нуронийларимизнинг шижоатини кўриб, ушбу тадбиримизни узвий давоми сифатида улар учун Хоразм ва Тошкент вилоятларига бепул саёҳат ташкил қилишни режалаштирдик. Соғлом ва бақувват нуронийларимизнинг ҳаётига мазмунли сайру саёҳат билан янада завқ улашиш ниятидамиз.
Соғломлаштириш мусобақаси югуриш, баскетбол тўпини саватчага тушириш, шахмат, шашка каби спорт турлари бўйича ўтказилди. Ҳар бир иштирокчи аввало, шифокор кўригидан ўтказилиб, белгиланган спорт турига йўналтирилди.
–Ёшим 82 да, аммо ўзимни 40-50 ёшлардагидек енгил ҳис қиламан, - дейди иштихонлик Қаҳрамон бобо Намозов. – Ўн йилдан ошди, газетада соғлом ҳаёт сирларини ўқиб, унга амал қилишни бошладим. Унгача нимжон, касалманд бўлиб юрардим. Ҳар куни қатъий белгиланган тартибда кунлик бадантарбия ҳамда бошқа машқларни бажараман. Натижа кутганимдан ҳам аъло. Соғлом ва тетикман. Бугунги беллашувларда ҳам югурдим. Баскетбол тўпини саватчага туширишга ҳаракат қилдим. Энг муҳими, тенгдошларим билан ёшликни эсладик, суҳбатлашиб, ҳордиқ чиқардик. Шу кунларга етказганига шукур.
Мусобақа якунида барча иштирокчилар, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, мусобақа доирасида юртимиз спортини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийларига “Ўзбекистон спорти фахрийси” кўкрак нишони топширилди.
Тадбир давомида байрам дастурхони ёзилди, отахону онахонлар дилдан суҳбат қуриб, вилоят санъаткорларининг куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлди.
[gallery-6999]
Алишер ИСРОИЛОВ олган суратлар.