Сурхондарё вилоятида “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан байрамона кайфиятда ўтказилмоқда.
Эрта тонгдан маҳаллалар ҳудуди, кўча ва хиёбонлар, ташкилот, корхона ва муассасалар, кўп қаватли уй-жойлар атрофида бошланган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари кўтаринки руҳда олиб борилмоқда. Буюк аждодларимизнинг хоки мангу қўним топган муқаддас қадамжолар, маҳаллалардаги қабристонлар тартибга келтирилиб, бўш турган ерларга турли дарахт ва гул кўчатлари экилаётир. Мавжудларига шакл берилиб, оқланмоқда.
–Азалдан улуғ айёмлар, тўйлар олдидан маҳалла, уй-жой ва кўча-куйни ободонлаштириб, тартибга келтиришни миллатимизга хос юксак фазилат, теварак-атрофни озода, обод ва саранжом сақлашни буюк қадрият, деб биламиз, – дейди Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Зебунисо Алимардонова. – Бундай ноёб фазилат ва қадриятларимизни аҳиллик, баҳамжиҳатлик билан уюштирган ҳашарларимизда ҳам кенг намоён этишга интиламиз.
Муборак Рамазон байрами арафасида ташкил этилган ҳашарда жамоамиз буюк аллома Ҳаким ат-Термизий мажмуаси атрофини тозалашга аҳд қилди. Шу мақсадда тонгдан бу ерга келиб, мажмуага олиб борадиган йўл бўйидаги дарахтларга шакл беришда қатнашдик. Атрофини тартибга келтириб, тагини юмшатдик. Энди ариғини тозалаб, анвойи гуллар экаяпмиз. Ҳайит муносабати билан дам олиш кунлари бу гўшани зиёрат қилувчилар кўпаяди. Олис-яқиндан сайёҳлар келади. Зиёратчилар бу ердан ўтаётиб, баҳри-дили янада очилса, бундан беҳад мамнун бўламиз.
Маълумотларга кўра, вилоятда ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида 632 мингдан ортиқ киши иштирок этмоқда. Уларнинг қарийб 351 минг нафари фаол йигит-қизлардир. Ҳашарчилар 862 гектар майдонни ободонлаштириб, ҳудудлардан 970 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларини олиб чиқишни, 100 километрдан зиёд ариқ, лоток ва зовурларни тозалашни мўлжалламоқда. Жойларда чиқиндиларни юклаш ва ташиш учун 430 га яқин техника воситаси жалб этилган. Ўттиздан ортиқ зиёратгоҳ ва 595 қабристонда йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳашарчилар мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 80 минг манзарали, 40 мингдан ортиқ мевали дарахт ва 110 мингга яқин турли гул кўчатлари экади. 60 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига ўзгалар ёрдамига муҳтож инсонларнинг 175 та уй-жойини таъмирлаб беради.
–Ана шу маблағнинг 53 миллион сўмга яқини “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ажратилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул ходими Олтибой Останақулов.– 258 та эҳтиёжманд оила ҳамда 76 нафар ёлғиз қария ва ногиронлиги бор кишиларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, қўли очиқ юртдошларимиз ҳам эҳтиёжмандларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаб, уларнинг оиласига саховат нурини сочмоқда.
Вилоятда умумхалқ хайрия ҳашари қизғин давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири