Алишер Навоийнинг хориждаги асарлари қўлёзмаларини излаш, уларни илмий муомалага олиб кириш билан шуғулланиб келаётганимга йигирма йилдан ошди. Шу жараёнда хориж кутубхона ва музейларида юртимиз тарихи, маданияти ва адабиётига оид кўплаб қўлёзмалар мавжудлигига гувоҳ бўлдим.
Жумладан, сафарлар натижаси ўлароқ, 2018 йили Алишер Навоийнинг дунё бўйлаб тарқаб кетган асарлари қўлёзмалари феҳрестини тузиш ғояси пайдо бўлди. Чамамда хорижда мен кўрган, эшитган ва бевосита танишиш имкониятига эга бўла олган қўлёзмалар денгиздан томчи бўлса керак. Бунга биз Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни илмий тадқиқ этиш бошқармаси томонидан Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестрини тузиш жараёнида амин бўлдик.
Айнан, Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларини излаш, топиш ва нусхаларини қўлга киритиш ҳам изланиш ва хорижий сафарлар натижаси ўлароқ амалга ошди. Улардан айримларини қайд этамиз:
“Оққуюнли мухлислар девони”, “Бадоеъ ул-бидоя”нинг Теҳрон нусхаси (888/1483 й. кўчирилган), “Бадоеъ ул-бидоя”нинг Истанбул нусхаси (889/1484-1485 й. кўчирилган), “Султон Яқуб сайланмаси” (885/1480-81 й. кўчирилган) ва бошқалар.
Хориждаги мана шу каби қўлёзма топилмаларини излаш жараёнида бир неча марта Германия Федератив Республикасидаги қўлёзма фондларида ҳам бўлдим. Бу мамлакатдаги энг катта – Берлин давлат кутубхонасидан Саъдий Шерозий (1203–1292) “Гулистон” асарининг эски ўзбек тилига янги қилинган таржимасини топишга муваффақ бўлдим.
Бевосита “Гулистон” таржимасига эътибор қаратсак. У тахминан XV аср бошида кўчирилганлиги билан аҳамиятли. Айни шу давр темурийлар (1370–1506) ҳукмронлигининг дастлабки босқичига тўғри келади. Афсуски, қўлёзмада “Гулистон” таржимаси муаллифи, нусха кўчирилган даври ва котиби кўрсатилмаган. Мазкур мақоламизда айни қўлёзма ҳақида фикр юритамиз.
Нафақат Шарқ, балки дунё адабиётида, шу жумладан, Ўрта Осиё маданий ҳаётида Сaъдий Шерозийнинг “Бўстон” (1257 йили ёзилган) ва “Гулистон” (1258 йили ёзилган) асарлари жуда машҳур. Бу асарлар дидактик адабиёт намунаси сифатида асрлар мобайнида эски мактабларда ўқитилган.
Ўз вақтида Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида (1498 й. ёзилган) мактабда ўқиб юрган кезларида “Гулистон” ва “Бўстон” асарларини ҳам ўқиганлигини қайд этган:
Ёдима мундоқ келур бу можаро
Ким, туфулият чоғи мактаб аро
Ким, чекар атфол марҳуми забун, Ҳар тарафдин бир сабақ забтиға ун.
Эмгонурлар чун сабақ озоридин,
Ё “Каломуллоҳ”нинг такроридин.
Истабон ташхиси хотир устод,
Назм ўқутурким равон бўлсун савод.
Насрдин баъзи ўқур ҳам достон,
Бу “Гулистон” янглиғу ул “Бўстон”.
“Гулистон” асари ёзилганидан бери дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Шарқда араб ва форс тилидаги асарларни таржима қилиш, хусусан, Ўрта Осиёда эски ўзбек тили – туркийга ўгириш анъанаси асрлар давомида мавжуд бўлиб келган. Саъдий “Гулистон”и ҳам бир неча марта туркий тилларга таржима қилинган. Туркияда Усмонлилар даврида усмонли туркчасига бу асрнинг тўлиқ ва қисмлари таржимаси амалга оширилган, турли шарҳлари битилган. Уларнинг сони ўндан ортиқ. Ўрта Осиё ва Волгабўйи ҳудудларида “Гулистон”нинг туркийга бир неча таржималари мавжуд бўлиб, улар XIV–XX асрларда амалга оширилган. Бу қуйидагилардан иборат:
1) Сайфи Сaройи “Гулистон”ни 793/1390-91 йили “Гулистон би-т-туркий” номи остида таржима қилган. Бу таржима асарнинг дастлабки туркий тилга таржимаси сифатида илм оламида жуда машҳур. Унинг тили қипчоқ туркийсида, деган қараш ҳам мавжуд. Мазкур таржима кўплаб нашрларга эга.
2) Испижобий томонидан 800/1397-98 йили амалга оширилган “Гулистон” таржимаси. Асар қўлёзмаси Британия музейида сақланади. Муаллиф мазкур таржимасида кўпроқ асар мазмунини сақлаб қолиш йўлидан борган. Ўрни билан матнни қисқартирган. Қўлёзма нуқсонли бўлиб, унинг бир қанча саҳафалари тушиб қолган. Таржима Амир Темурнинг набираси Мироншоҳнинг (1366–1408) ўғли – Султон Муҳаммад мирзога бағишланган (1399–1401 йилларда Самарқанд ҳокими бўлган).
3) Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809–1874) – машҳур ўзбек шоири, тарихнавис ва таржимон томонидан Хива хонлиги ҳукмдори Саййид Муҳаммад (1856–1864) даврида амалга оширилган. Айни таржиманинг дастлабки қўлёзмаси 1862 йили кўчирилган. Огаҳий Хива хонлигида ҳукмронлик қилган Қўнғиротлар (1804–1920) сулоласи саройида яқин бўлиб, бир қанча асарларни форс тилидан эски ўзбек тилига таржима қилган.
5) Муродхўжа Эшон ибн Солиҳхўжа “Гулистон”ни ХХ аср бошида Тошкентда эски ўзбек тилига таржима қилиб, 1910 йили тошбосмада “Шавқи Гулистон” номи остида чоп этган.
6) 1968 йили “Гулистон”нинг яна бир таржимаси амалга оширилди. Шоиримиз Ғафур Ғулом ва профессор Шоислом Шомуҳаммедов асардаги шеърларни таржима қилишган, Рустам Комилов насрий қисмини ўзбекчалаштирган.
“Гулистон”нинг янги таржимаси матнини ХХ аср бошларигача амалга оширилган юқоридаги дастлабки беш таржима матни билан қиёслаб чиқдик. Натижада бирорта таржима ҳам бизнинг матн билан бир хил бўлиб чиқмади. Эски ўзбек тилига таржима қилинган “Гулистон”лар қаторида мазкур таржима кўрсатилмаган.
Мақоламизда кўриб чиқаётганимиз “Гулистон” таржимаси матни сарғиш қоғозга ёзилган. Қоғоз бичими 205х350 мм. Матн ҳажми 145х85 мм. Ҳар бир бетдаги матн 15 қатордан, қўлёзма эса 128 варақдан иборат. Қўлёзма насх ёзувида кўчирилган ва асарнинг бошидан охиригача ҳарфлар устига ҳаракатлар қўйилган. “Гулистон” таржимасида матн ичида келтирилган шеърлар аввал форс тилида, яъни аслият тилида, унинг остида эса эски ўзбек тилига таржима қилиб берилган. Сарлавҳалар, Қуръондан иқтибос, арабча кичик матн ва баъзи парчалар сарлавҳаси (шеър, қитъа, ҳикоят) ёки матн астрофидаги рамка ва шеърларнинг тугалланиш жойидаги белгилар қизил рангда ёзилган. Асарнинг асосий матни қора сиёҳда битилган.
Асар асл форсча матнини таржима билан солиштирганда, баъзи сўзлар ва матн бўлакларида тафовутлар мавжудлигини кузатиш мумкин. Улар туркийга қилинган таржима матнига бироз ижодий ёндавшув маҳсули бўлиши эҳтимол. Қўлёзмадаги таржимада асарнинг асл нусхасида мавжуд бўлган муқаддима қисми йўқ. Асар ўн биринчи ҳикоятнинг ўртасидан бошланган, демак қўлёзманинг дастлабки бир неча саҳифаси бизга номаълум сабабларга кўра тушиб қолган. Кўриб чиқаётганимиз “Гулистон” таржимаси ким томонидан туркийга таржима этилгани ёки қачон ва қаерда кўчирилганлиги ҳақида бирор бир маълумот қўлёзмада келтирилмган.
“Гулистон”нинг биз кўриб чиқаётган таржимаси қачон яратилганлиги маълум эмас. Аммо унинг тил хусусиятларидан келиб чиққа ҳолда бирор бир даврга оид деб тахмин этиш мумкин. Биз қўлёзма матнини туркий тиллар бўйича бир неча мутахассисга кўрсатиб, улар фикрларини билишга қизиқдик. Мақоламиз дастлабида бу даврни биз XIV аср охири – XV аср боши деб кўрсатган эдик. Айни муддатни ўзбек тили тарихи мутахассиси, филология фанлари доктори, профессор Қосимжон Содиқов қўлёзма ва ундаги таржима матни тили билан танишиб чиққач маълум қилди. Қ.Содиқов хулосаси биз учун аҳамиятли. Яна олим мазкур таржима тилида ўғуз ва қипчоқ туркийси элементлари ҳам мавжудлиги ҳамда шу жиҳатдан айни таржима тили Сайфи Саройининг “Гулистони бит-туркий”сига ҳам, қайсидир даражада яқин туришини билдирди. Қ.Содиқов билдирган оғзаки фикрларнинг айримларини келтирамиз:
“XIV аср охири – XV аср боши тилшуносликда “Хоразм ёдгорликлари” номини олган асарлар яратилган даврларга тўғри келади. Ўша кезларда Олтин Ўрда адабий-маданий муҳитида кўплаб ёзма ёдгорликлар яратилган эди. Мўғуллар истилосидан кейинги, Навоийгача яратилган туркий адабиётнинг гуллаган даври ҳам ўша кезларга тўғри келади. Уларнинг тилида ўғуз ва қипчоқ тилларининг қоришган ўринларини кузатиш мумкин. Айни шу белгиларни мамлуклар даври ёдгорликларида ҳам кўрамиз. Чунки мамлуклар даври туркий адабиёти ва маданий муҳити билан Олтин Ўрда адабиётининг узвий боғлиқлиги бор. Ҳатто Олтин Ўрда давлатидан ўша ерларга бориб ўрнашиб қолган, ўша ерда ижод этган шоирлар анчагина. Ўша асарларнинг тил хусусиятлари ана шу матн тилига яқин туради”.
Қосимжон Содиқов фикрларини туркий тиллар тарихи бўйича яна бир мутахассис, филология фанлари доктори Рихситилла Алимуҳмедов ҳам тасдиқлади. Унинг фикрича, биз кўриб ўтаётган “Гулистон” таржимасининг қўлёзмадаги матни хат услубига кўра XIV–XV асрларда кўчирилган Олтин Ўрда муҳитида яратилган қўлёзмаларни эслатади.
Туркияда фаолият олиб бораётгган туркий тиллар бўйича яна бир эксперт доктор Саидбек Болтабоев фикрича, қўлёзма тили XIV аср бошларига тўғри келади. Нима қилганда ҳам уч олимнинг қўлёзма тилига оид фикрлари Олтин Ўрда даврига тўғри келади.
Маълумки, Ўрта Осиёда кўчирилган қўлёзмаларда насталиқ ёзувидан кўп фойдаланилган. Кўриб ўтаётганимиз “Гулистон” матни насх ёзувида яна ҳарфларга устидаги ҳаракатлари/диакритик белгилари қўйиб кўчирилган. Бундай қўлёзмалар Ўрта Осиёда, кам бўлса-да, ёзилиб турган. Масалан, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳийбат ул-ҳақойиқ” маснавийсининг ҳам XVI асрда насхда ва диакритик белгилар билан кўчирилган нусхаси мавжуд. Шу каби мисолларни яна келтириш мумкин: Сайфи Саройининг “Гулистон би-т-туркий”, “Наҳж ул-фародис” ва Алишер Навоий “Ғаройиб ус-сиғар” девони қўлёзмаларидан бирини киритиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Саъдий Шерозий “Гулистон”ининг туркий янги, яъни яна бир қўлёзмасининг аниқланиши туркийшунослик соҳаси учун катта илмий аҳамиятга эга. Айниқса, матннинг қандай ўқилиши диакритик белгилар билан кўрсатилганлиги ўрта асрлардаги туркий тилнинг қандай ўқилганлиги ҳақида тасаввур беришга ёрдам қилади. Бундай матнлар эса жуда кам учрайди. Таржиманинг темурийлар даврида амалга оширилганлиги, албатта, эҳтимол бўлиб, матн тилидан келиб чиққан қарашдир. Ҳозирда биз бу асар қўлёзмаси факсимилесини жорий ёзувдаги табдили билан қўшиб нашр қилиш арафасидамиз.
Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори,
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги
Маданий мерос агентлиги мутахассиси.
ЎзА