“AstraZeneka” халқаро биофармацевтика компанияси ва “Meros Pharm” дистрибюторлик компанияси Ўзбекистон ҳудудида ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартнома имзолади.
Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳамкорлик боис пульмонология, кардиология, онкология каби соҳаларда ҳаётга хавф солувчи ва ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни даволаш, беморларнинг инновацион ва самарали терапиядан фойдаланиш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда. Шунингдек, мазкур икки компания юртимизда аҳоли ҳаётининг сифати ва давомийлигини ошириш мақсадида беморларни қўллаб-қувватлаш учун қатор ташаббусларни, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари малакасини ошириш дастурларини, ташхис лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиши ҳам мақсад қилинган.
Маълумот учун, Буюк Британиядан жойлашган «AstraZeneka» компанияси - онкология, кардиология, нефрология ва метаболизм, респиратор ва аутоиммун касалликлар каби терапевтик соҳаларда тадқиқотлар ўтказиш, рецептли дори воситаларини ишлаб чиқиш ва бозорга чиқаришга ихтисослашган халқаро биофармацевтика компанияси ҳисобланади.
Ўзбекистон бўйлаб филиалларга ва 100 дан зиёд ходимга эга бўлган Meros Pharm бир неча йилдан буён аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш йўлида меҳнат қилиб келаётган дистрибюторлик компанияси саналади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА