Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шунга кўра, доимий равишда бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати юзасидан ўрганиш ва мониторинг ишлари амалга оширилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Сирдарё вилояти Оқолтин туман адлия бўлими томонидан Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига риоя этилиши мониторинг қилиш йўли билан ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида туман маданият бўлими томонидан қарор ижроси таминланмасдан келинаётганлиги аниқланди.
Хусусан, туман маданият бўлимининг ходимлари У.Назаровга 47 007 259 (қирқ етти миллион етти минг икки юз эллик тўққиз) сўм, Х.Хуруллаевга 28 131 941 (йигирма саккиз миллион бир юз ўттиз бир минг тўққиз юз қирқ бир) сўм устама ҳақлари тўланмаганлиги маълум бўлди.
Ваҳоланки, қарорга асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳудудий маданият бошқармалари ва туман (шаҳар) маданият бўлимлари ходимларига ҳар ойда қўшимча тўловлар, ҳар ойлик озиқ-овқат ва йўлкира пуллари тўланиши белгиланган.
Натижада, адлия бўлими томонидан маданият бўлими ходимлари манфаати учун фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига ариза киритилди.
Қарор ижроси таъминланиб, қўшимча тўловлар ундирилиши юзасидан суд буйруқлари чиқарилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА