Жисмоний ва юридик шахслар давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиши Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан кафолатланган.
Конституциямизнинг 35-моддасига асосан, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг 14-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.
Яна бир жиҳатни таъкидлаш лозимки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 27-моддасида мурожаатларга жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади, деб белгиланган.
Бунда давлат органлари фуқаролардан келиб тушган мурожаатларга жавоб бериши давлат тилида ёки мурожаат тилида амалга оширилиши керак.
А.Оразимбетов,
Тахиатош тумани
Давлат хизматлари марказининг
бўлим бошлиғи