Сурхондарё вилояти Музработ туманида фаолият юритувчи “T.Y.E.” масъулияти чекланган жамияти собиқ раҳбари И.С. “Алоқабанк” вилоят филиали томонидан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш” учун ажратилган 220 минг АҚШ доллари кредит маблағини ўзининг шахсий эҳтиёжига ишлатиб юбориб, талон-торож қилган.
Шунингдек у банк филиали масъул шахслари билан тил бириктириб, аслида баҳоси 737,8 миллион сўм бўлган бинонинг нархини сунъий равишда оширган ҳолда 2,5 миллиард сўмга ўзаро келишув далолатномасига асосан гаров таъминоти сифатида қўйиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Музработ туман бўлими томонидан “Алоқабанк”нинг Сурхондарё ҳудудий марказининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА