Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилган ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашнинг устувор мақсад ва вазифаларини ўзида мужассам этган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да “мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва юртимизнинг жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш чораларини кўриш” устувор мақсад этиб белгиланган.
Шу билан бирга давлатимиз инвестицион салоҳиятини халқаро бизнес ҳамжамиятига яқиндан таништириш мақсадида Тошкент шаҳрида ҳар йили “Тошкент халқаро инвестиция форуми”ни ўтказиб бориш устувор вазифа сифатида қайд этилди. Иқтисодий тараққиётга эришиш йўлида белгиланган бундай улуғвор мақсадларни амалга ошириш ҳамда республикамиз иқтисодиётида ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари, жаҳондаги йирик компания ва корпорацияларни жалб этиш мақсадида илк бор ташкил этилган мазкур анжуман 24-26 март кунлари катта муваффақият билан ўтди. Тошкент халқаро инвестиция форуми миллий иқтисодиётдаги саноатлаштиришнинг юқори имкониятини ҳамда инвестицион салоҳиятимизни халқаро бизнес ҳамжамиятига яқиндан таништирган ҳолда халқаро молия институтлари ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, соҳадаги ўсиш суръатини замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида сўнгги йилларда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни истиқболли лойиҳалар амалга ошириш орқали кенгайтиришга, шунингдек йирик инвестицион ғояларни молиялаштиришга халқаро молия институтлари маблағини кенг жалб этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу йўлда Жаҳон савдо ташкилоти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби йирик тузилмалар билан изчил ва фаол алоқалар йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида мамлакатимизла миллий иқтисодиётнинг барқарор тараққиётига хизмат қилувчи иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш, инфратузилмани жадал ривожлантиришни давом эттириш, иқтисодиётни саноатлаштириш доирасида бой хом ашё захираларимизни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталига инвестиция киритиш, ташқи савдони янада эркинлаштириш, экспорт ва импорт фаолияти учун қўшимча қулайликлар яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш каби энг муҳим, устувор йўналишларни таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини белгилайдиган йўналишлар мамлакат инвестицион салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан бир қаторда миллий иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларида барқарор иқтисодий ўсиш суръатига эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз жаҳондаги нуфузли халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда таълимни ривожлантириш, замонавий энергетика тизимини барпо этиш, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш, кичик бизнес ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини, хусусий тадбиркорлик соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, саноат ва савдо, давлат бошқаруви, транспорт тизими, саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш, сув таъминоти ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш, туризм инфратузилмаси, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини юксалтириш, табиий ресурсларни ўзлаштириш ҳамда енгил саноат тармоғини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Яқин истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик доирасида яшил энергиядан инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган йўналишлар устуворлик касб этади. Шунингдек саноатда юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.
Юқори даражадаги анжуман доирасида жаҳон бизнес ҳамжамияти, шу жумладан, халқаро молия институтлари вакиллари томонидан Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсади халқаро иқтисодий муносабатни эркинлаштириш ва иқтисодиёт рақобатбардошлилигини ошириш, шу орқали мамлакатнинг ташқи савдодаги ўрни мустаҳкамланишини таъминлаш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш экани қайд этилди. Дарҳақиқат, форум халқаро ҳамкорликни юксак даражага чиқариш ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутувчи майдон вазифасини ўтади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор мақсад ва вазифалар доирасида халқаро молия институтларининг иқтисодиётимиз тараққиёти бўйича прогнози ижобий. Шу боис айни йўналишдаги алоқалар тобора чуқурлашмоқда. Миллий иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳаларида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш йўлидаги бундай ижобий тенденция мамлакатимизда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш, “яшил” технологияларни, инновацион тараққиётни таъминлаш орқали иқтисодий ўсиш суръатини барқарорлаштириш, пировард натижада аҳоли турмуши фаровонлигини оширишда долзарб аҳамият касб этади.
Жасурбек Атаниязов,
Тошкент молия институти
“Халқаро молия-кредит” кафедраси мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор