ФОТОРЕПОРТАЖ
Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Исроил муносабатларида ижобий тенденция кузатилиб, серқирра ва истиқболли ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон билан Исроил давлати ўртасида 1992 йилнинг 21 февралида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Бу йил Ўзбекистон Республикаси ва Исроил давлатининг ўзаро дипломатик алоқаларига 30 йил тўлди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатидаги элчихонасининг таклифига кўра, икки томонлама дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейида “Ўзбекистонда яҳудийлар ҳаёти: тарихий даврлар кесимида” мавзусида кўргазма ташкил этилди. Мазкур кўргазма Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Ўзбекистон яҳудийлар миллий маданий маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Кўргазмада Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон кинофотофоноҳужжатлари миллий архиви ва Ўзбекистон яҳудийлар миллий маданий марказида сақланаётган ашёлардан иборат Исроил давлати билан ўрнатилган дипломатик алоқалар, яҳудий халқи тарихи ва маданияти ҳамда Ўзбекистон-Исроил муносабатларини акс эттирувчи, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётни ёритиб берувчи 50 дан ортиқ кинофотофоноҳужжатлари ва экспонатлар намойиш этилди.
[gallery-6315]
]Кўргазмани Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова кириш сўзи билан очиб, мазкур кўргазманинг асосий мақсади тарихий алоқалар ва доимий ривожланиб бораётган Ўзбекистон-Исроил муносабатларини ўзаро ҳурмат, тенг манфаатлилик тамойили, шунингдек, турли даражадаги мулоқотни янада фаоллаштиришга бўлган интилишларга қаратилган тарихий ва маданий архив материаллари, музей ва марказ экспонатлари орқали оммага тарғиб қилишдан иборат эканлигини таъкидлади.
Кўргазмага қўйилган архив материаллари, расм ва бошқа экспонатлар иштирокчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлди.
Кўргазма жорий йил 30 мартга қадар давом этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА