Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов Денов туманида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказди. Дастлаб туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига бориб, Президентимиз раислигида 2021 йил 14 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини ўрганди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 24 март ҳолатига кўра, тумандан мигрант сифатида кетганлар жами 13 минг 30 нафарни ташкил этади. 2022 йилнинг ўтган уч ойи давомида доимий яшаш манзилига қайтиб келганлар 2051 нафарни ташкил этган. Шундан 1885 нафари мустақил равишда банд бўлган бўлса, 13 нафари марказ томонидан ишга жойлаштирилган.
Тумандаги Файзли маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда маҳалла ҳудудидаги 1 километрдан ортиқ ички йўлни асфальтлаш, 20 га яқин симёғочлар эскиргани туфайли уларни янгисига алмаштириш бўйича мурожаатлар кўтарилди. Ушбу масалалар назоратга олиниб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Боғи шамол маҳалласида бўлиб ўтган мулоқотлар давомида аҳоли йўл қурилиши сабабли томорқа хўжалигини суғориш учун 200 метр узунликдаги бузилган ариқни таъмирлаш бўйича ёрдам сўради.
Учрашувларнинг иккинчи куни тумандаги Лолазор ва Тотувлик маҳаллаларидаги муаммолар ўрганилди. Асосан ички йўлларни таъмирлаш, маҳалла биносининг мавжуд эмаслиги, тоза ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича кўтарилган мурожаатлар тегишли ташкилотларга йўналтирилди ва депутатлик назоратига олинди.
Парламент қуйи палатаси депутати Ф.Шарипов мазкур учрашувлар давомида ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ҳам ўрганди.
ЎзА