Жорий йил март ойи ёғингарчиликка бой бўлди. Бундай ҳолат ўтган йилларда кузатилмаган эди.
Албатта, баҳор фаслининг ёғингарчиликка мўл бўлиши экин-текин ишларида, ернинг сув билан тўйинишида фойдали. Аммо ёмғирнинг узлуксиз ёғиши тоғ ва тоғ олди ҳудудларида тоғ жинслари намлиги ортишига, ер кўчкиларининг ривожланишига сабаб ҳам бўлади.
Хўш, бу йилги ёғингарчилик туфайли республикамизда нечта хавфли экзоген геологик жараён содир бўлди?
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Зиёда Аҳмедова бу саволга қуйидагича жавоб берди:
– Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига қарашли Давлат кузатиш хизмати томонидан 2022 йилда хавфли экзоген геологик жараёнлар мониторинги республикамизнинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида жойлашган 880 та объектда ўтказилмоқда, –деди З. Аҳмедова. – Жумладан, жорий йилнинг 17 март кунига қадар ёғингарчилик миқдори мамлакатимизнинг шимолий қисмида ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 386 фоизни, жанубий қисмида 117 фоизни кўрсатди.
Масалан, 17 март ҳолатига кўра, республикада жами 66 та (январь - 4 та, февраль - 6 та, мартда 56 та) хавфли экзоген геологик жараён содир бўлди. Вилоятлар кесимида оладиган бўлсак, бу ҳолат Тошкент 33 та, Андижон 2 та, Жиззах 2 та, Самарқанд 1та, Наманган 21 та, Сурхондарё 3 та, Қашқадарё 4 тани ташкил қилди.
Фавқулодда вазиятлар Давлат тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган кузатув натижаларига кўра, жами 159 та кўрсатмалар ва огоҳлантирувчи маълумотлар ҳокимлик, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларга тақдим этилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА