Хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзламоқда. Давлатимиз раҳбари форумнинг барча иштирокчиларини самимий қутлади.
–Ўзбекистон замини кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келган. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлган,– деди Президент.
Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Миср каби мамлакатларда шаклланган цивилизация ва маданият намуналари айнан қадимги Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида учрашиб, бир-бирини ўзаро бойитиб келгани қайд этилди.
Бунинг натижасида 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлган.
ЎзА