Қашқадарё вилоятининг ям-яшил қир-адирлар ўраб турадиган Қарши туманида ҳам “Ассалом, Наврўз янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми” шиори остида Наврўз байрами тантаналари ҳар йилгиданда ўзгача нишонланди.
Байрам аввалида туман ҳокими Беҳзод Юсупов туман аҳолисини Наврўз байрами балан қутлади.
Ҳилол маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Керайит қишлоғи адирликларида ташкил этилган чин маънода миллийликка йўғрилган байрам тадбири барчага хушкайфият бағишлади. Бир томонда миллий таомлар кўргазмаси, бошқа томонда миллий қўшиқлар, урф-одатлар намойиши.
Қарши туманида фаолият юритиб келаётган бир қатор халқаро фестиваллар совриндори “Момогул” фольклор ансамбли ҳам миллий куй-қўшиқлари билан иштирокчиларни хуўнуд этди. Дарҳақиқат, бу каби лапарларда халқимизнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, бир сўз билан айтганда тарихи акс этади.
Байрам тантаналарида ҳар йилгидан фарқли ўлароқ тумандаги барча маҳаллалар ўзлари учун ажратилган бурчакларда миллий таомлар кўргазмасини намойиш этди. Таомларнинг хилма хиллигини кўриб, халқимизнинг нафақат бой тарихи ва урф-одатлари балки хилма-хил миллий таомлари борлигига ҳам гувоҳ бўласиз. Сумалак, ҳалим, юпқа, ғилминди, кўк сомса, қат-қат патир, қатлама, исмалоқ печак каби таомларни татиб кўрган киши борки, ўзбек аёлларнинг ошпазлик маҳоратига тасанно айтади.
– Бугун барча маҳалладошларимизнинг юзларида мамнунлик, – дейди “Ҳилол” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Ўғилой Эшонқулова. – Боиси туманимизнинг Наврўз тантаналари мана шундай кенг миқёсда нишонланмоқда. Атрофга эътибор қилинг ҳамма ёқ ям-яшил. Бу баҳорнинг барокатли келаётганидан, ризқ-рўзимиз мўл-кўл бўлишидан дарак.
Албатта юртимизнинг қайси бир байрам шодиёнаси бўлмасин, куй-қўшиқсиз ўтмайди. Бугун ҳам шундай бўлди. Намойиш этилган театрлаштирилган бадиий дастур ва эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари туман аҳолисига олам-олам завқ бағишлади.
Азал-азалдан Наврўз байрамини миллий ўйинларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Муҳими шундаки, бу ўйинларнинг ҳеч бири шунчаки эрмак ёки вақт ўтказиш учун ўйлаб топилмаган. Улар ўғил-қизларнинг жисмонан ва руҳан соғлом, чидамли бўлиб ўсишларига ёрдам беради. Кенг адирлик бўйлаб ёйилган байрам сайлида дорбозлик ўйинлари ва кўпкари мусобақалари алоҳида аҳамият касб этди.
Ташкил этилган байрам тантаналарида хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди.
– Рости, ушбу байрам тантанаси менда катта таассурот қолдирди, – дейди испаниялик меҳмон Сантияго де Кастро Алфагеме. – Испанияда ҳам шу каби миллий байрамлар кўп. Аҳамиятли томони байрамларингизда халқингизнинг тарихи, урф-одатлари акс этган ва бугунги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Одамларнинг кайфияти аъло даражада.
Дарҳақиқат, уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга хурсандчилик олиб кириши билан биз учун қадрли байрам, десак муболаға бўлмайди.
Мана шундай кўтаринки шукуҳда бошланган Наврўз байрами тантаналари бутун вилоят, маҳалла ва олис қишлоқлар бўйлаб давом этмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.