Мустақилликка қадар Тожикистонда 5 май Матбуот ходимлари куни сифатида нишонланиб келинган. 1993 йил Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон 11 мартни Матбуот куни сифатида нишонлаш тўғрисида фармонни имзолади. 1994 йилдан бошлаб республикада ушбу сана Матбуот куни сифатида нишонлаб келинади. Бу кунда мамлакатдаги фаол журналистлар тақдирланади.
Тарихдан маълумки, 1912 йилнинг айнан шу куни илк бор тожик тилида «Бухорои шариф» деб номланган газета нашр қилинган эди. Бироқ, кўп ўтмай амирнинг буйруғи билан мазкур газетанинг нашр қилиниши тўхтатилади. Танаффус 13 йил давом этди. Тожик тилидаги газета 1925 йилдан бошлаб яна нашр қилина бошланди. Бу газета «Ийди Тожик» («Тожик байрами») деб номланди. Кейинчалик газетанинг номи «Совет Тожикистони» дея ўзгартирилди. Айни дамда «Ҷумҳурият» номи билан нашр қилинмоқда.
Тожик матбуоти бугун ўзининг 110 йиллик тўйини нишонламоқда. Бу давр мобайнида шонли йўлни босиб ўтди, дея оламиз. Айни дамда тожик журналистикаси жамиятда ўз ўрнига эга. Газета, журнал, радио ва телевидение, шунингдек интернет журналистикаси жамият ҳаётининг олдинги сафларида турибди. Тожик оммавий ахборот воситалари туркумида бошқа тилларда, жумладан ўзбек тилида ҳам газета нашр қилиниши, радио эшиттиришлари ва телевидение кўрсатувлари мавжудлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Шу сабабли 11 мартни Тожикистонда нафақат ОАВ вакиллари, балки умумхалқ байрами сифатида нишонланади.
Тожикистон ОАВ вакиллари ўз бурчларига содиқ қолган ҳолда республика ва жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни имкон қадар холис ва тезроқ аҳолига етказишга ҳаракат қилмоқда. айтиш керак, журналистларсиз жамият дунёда юз бераётган ҳодисалардан бебаҳра қоларди.
Ўз ҳаётини журналистика билан боғлаган тожикистонлик ҳамкасбларимизни касб байрамлари билан табриклайман. Уларга қарата «Эзгу ишлардан асло чарчаманг. Дунёни эзгулик қутқаради. Эзгу ишларингиз давомли бўлсин. Айтадиган сўзингиз фақат ва фақат яхшиликка хизмат қилсин», дейман.
Шарофиддин Тўлаганов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Халқаро шарҳловчилар Кенгаши раиси