Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан “Улуғбек хазинаси” топилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Прокуратура органлари томонидан ушбу хабарга аниқлик киритилди. Аниқланишича, шу йил 2 март куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидан оқиб ўтувчи Тўпаланг дарёси қирғоғидан маҳаллий аҳоли томонидан мис тангалар топилган.
3 март куни Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Термиз археология музейи вакиллари томонидан маҳаллий аҳолидан 512 дона мис тангалар белгиланган тартибда олиниб, Термиз шаҳридаги Археология музейи фондига топширилган.
Прокуратура органлари томонидан соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганиш давомида қўшимча равишда 620 дона мис танга ва 1 дона шахмат донаси ихтиёрий равишда олиниб, музей фондига топширилиши таъминланди.
Бундан ташқари, вилоят прокуратураси, маданий мерос бошқармаси ҳамда археология музейи ходимларидан иборат таркибда махсус экспедиция ташкил этилиб, ҳозирда қазишма ишлари олиб борилмоқда.
Биргина, жорий йилнинг 9 март куни экспедиция вакиллари томонидан 4 дона мис тангалар топилган.
Археологик олимларнинг дастлабки хулосасига кўра, ушбу ашёлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги (XV аср) даврида зарб этилган пул тангаларининг шу кунга қадар топилган энг катта ва яхши сақланган маданий мерос хазинаси ҳисобланади.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ушбу манзилда қидирув ишлари давом эттирилаётган бўлиб, Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
ЎзА