Баъзи ёшларнинг "яхши иш йўқ", дея нолиши тез-тез қулоққа чалинади.
Фарғона вилояти Бағдод тумани, «Олчин» маҳалласида яшовчи Абдувоҳид Убайдуллаев эса чекка қишлоқнинг кичик имкониятлардан фойдаланиб, катта тадбиркорликка қўл урди.
Абдувоҳид асаларичилар сулоласининг учинчи вакили. У асалари маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган тадбиркор бўлиб, нафақат Ўзбекистон бўйлаб, ҳатто қўшни республикаларда ҳам таниқли бўлишга улгурган.
– Ҳозир 29 ёшдаман. 6-7 ёшимдан отамга асалари боқишда ёрдамлашар эдим. Баҳор, ёз мавсумларида дам олиш кунлари асалариларни далаларга олиб чиқардик. Уларнинг бол йиғишини мароқ билан кузатар эдим. Мен ҳам бошқалар каби университетда ўқишни, олий маълумотли бўлишни хоҳлаганман. Афсуски, мактабни битирганимдан сўнг ўқишга шароитим бўлмади, – дейди Абдувоҳид. – Ўқий олмаганимга яраша бирор касбнинг "этагидан" тутай деб отамга шогирд тушдим. Билмаганларимни ўрганиб, бир муддат улар билан ишладим. Кейинроқ етарлича тажриба орттириб, 2016 йилда ўзим мустақил «Бағдод замин асали» деҳқон хўжалигига асос солдим. 240 та асалари оиласи билан фаолият бошладим. Ҳозирда асалари оиласи 1 минг 700 тага етди. Хўжалигимизда асалари етиштиришдан ташқари экспортни ҳам йўлга қўйдим. Нолимайман, ҳозир даромадим яхши. 2021 йилда 10 тонна асал олдим. Бозорларда энг арзон асал 50 минг сўмдан 100 минг сўмгача сотилишини ҳисобга олсак, ушбу тармоқдан олинажак даромад бир мавсумнинг ўзида қарийб 500 миллион сўм. Бундан ташқари, Россия, Қозоғистон давлатларига 43 минг 700 та асалари пакетини экспорт қилдим. Ундан 120 миллион даромад қилдим. Ўтган йилда жами даромадим 620 миллиондан ошди. Инсон қанча топишидан қатъи назар, ҳалол ишлаши керак. Шундагина ишида, топган пулида, оиласида барака бўлади.
– Бугунги кунда асаларичиликка эътибор қай даражада, ушбу соҳа фаолиятида қандай тўсиқлар бор?
– Таъкидлаш жоизки, илгари асаларичилик деярли инқирозга юз тутаётган эди. Хусусан, асаларичилик хўжаликлари ўз фаолиятини тўхтатган, янги наслли арилар деярли келмаслиги натижасида олинадиган маҳсулот салмоғи ҳам камайиб бораётган эди. Сўнгги йилларда бу соҳага нисбатан муносабат ўзгарди. Давлатимиз раҳбари томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, 2017 йил 16 октябрдаги «Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси ташкил этилди. Ҳозирда мазкур уюшма кўмагида асаларичилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва аҳоли ўқитилиб, амалий ва назарий билимлар берилмоқда. Шунингдек, кооператив ёндашув билан аҳолига имтиёзли кредитлар асосида асалари уялари тарқатиляпти. Қолаверса, уюшма томонидан Ўзбекистон шароитига мос, зотли она Асаларичилик-наслчилик хўжаликларида кўпайтириляпти. Асалари оилаларининг зотини яхшилаш бўйича «Карпат» ва «Карника» зотли она асаларилардан сифатли асалари оилалари етиштирилмоқда.
Аммо шуни ҳам айтиш керакки, бугунги кунда асалари боқиш учун жой муаммоси бор. Ўрмон хўжалиги ерларидан, чўл ҳудудларидан етарлича фойдаланилмаяпти. Агар самарали фойдаланишга кенг имкониятлар яратилса, бундан ҳар иккала томон ҳам манфаат кўрар эди. Асаларилар ўрмон хўжалигидаги дов-дарахт, гиёҳ ва ўсимликларнинг чангланишига, ҳосилдорлик икки карра ошишига ҳисса қўшар эди.
Бундан ташқари, пахта гулласа, асалариларни далаларга олиб чиқамиз. Кўпчилик фермерлар пахтага эрта тонгдан турли кимёвий воситалар сепиши сабаб арилари қирилиб кетади. Фермерлар дорини кечки вақт – ари инига кирганида асаларичиларни огоҳлантириб сепса, арилар нобуд бўлмас эди.
– Асаларичилик соҳасига қизиққан ишсиз ёшлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган экансиз. Қанча йигит-қизларни шу соҳага жалб қилгансиз?
– Асалари "етти хазина"нинг бири. Яхшилаб, эътибор билан парвариш қилинса, бир йилда уч маротаба мўл ҳосил олиш мумкин. Бизнинг хўжалигимизга 250 та МФЙ бириктирилган. Шу кунгача 400та асалари оилаларини 216 нафар ёш оилаларга тарқатдик. Бундан ташқари, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида шу соҳага қизиққан ёшларга кооператив ёндашув асосида асаларилар тарқатяпмиз. Тенгдошларимга асаларини парваришлаш, унинг касалликларига қарши профилактикаси, сифатли маҳсулот олиш сирларини ўргатиб, етиштирган маҳсулотларини сотишга ҳам ёрдамлашаман. Умуман олганда, шу вақтга қадар жами 500 га яқин тенгдошимни иш билан таъминладим. Улар ҳам соҳа сердаромад эканини тушуниб етди. Хўжалигимизда энди иш бошлаган ишчига 1 ярим миллиондан, 2-3 йиллик тажрибага эга ишчиларга 4 ярим миллионгача маош берамиз.
– Бу йил режаларингиз қандай?
– Режаларим катта. Асалари пакетлари экспортини 100 мингтага етказиш ниятидамиз. Асалари уясини 2, 500 тага етказиб, 20 тонна асал етиштириш устида ишлаяпмиз. Шу билан бирга, янги иш ўринларини ташкил этиб, ишсиз тенгдошларимни иш ўрни билан банд этиш.
– Шу соҳани танлаганингиздан ҳеч афсусланган вақтингиз ҳам бўлганми?
– Йўқ. Шу соҳа билан рўзғор тебратяпман. Бундан беш йил олдин, ишни энди бошлаган вақтларимда битта "москвич" машинамиз бор эди. Ариларни ўша машинада далаларга таширдик. Ҳозирда "Gentra", "Cobalt", "Lacetti" ва ариларни ташиш учун алоҳида "Мерседес" юк машинасини сотиб олдик.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридан уйлар олиб, ҳовли қурдик, тўйлар қилдик. Касбимдан нолимайман, фахрланаман. Эришган ютуқларим кўп: 2021 йил 30 июнь – «Ёшлар куни»да энг кўп экспорт қилган экспортёр сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти қўлидан «Шуҳрат» медалини олдим.
Менинг озгина меҳнатимга жуда катта баҳо берилади, деб ўйламаган эдим. Президентимизнинг юксак ишончи мени бундан-да улкан марраларга ундайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА