Таниқли публицист, устоз журналист ва адиб Аҳмаджон Мелибоевнинг янги китоби ана шундай деб номланади.
Китоб атоқли шоир Азим Суюнга бағишланади.
Адабий асар таҳлилчилари, олимлар, мутахассислар шахсияти ва ижоди ўзга-ўзга олам бўлган шоир, ёзувчилар борлиги ва улар кўплиги ҳақида беармон ёзишади.
Хўш, нега?
Ёзган асарида ижодкорнинг ўзи кўриниб туриш-турмаслиги нимадан далолат беради? Қачон бадиий асар кўнгиллардан жой олади ва қай ҳолатда китобхон ўртада масофа борлигини, бегоналикни ҳис этади?
Асарлари, жумладан шеърлари руҳида муаллифнинг сийрати ҳазрати Алининг Зулфиқоридек тобланиб туриши унинг асл қийматини белгилайди. Бу – бор гап.
Сўзи ва ўзи бир бўлган адиб, шоирлар ҳақида гап кетганда, шубҳасиз, Азим Суюн ҳам тилга олинади. Шоирнинг қалб пўртаналари, кўнгил туғёнлари, ҳаяжон ва ҳиссиётлари тўлалигича шеърларига ҳам кўчган. Шеър, достонларини ўқиганда кўнглингизга анчайин яқин бўлиб қолган овозни пайқайсиз, уни кимнидир овози билан адаштириш мумкин эмас.
“Шеърлари ўзига ўхшамаган шоир” китобида муаллиф Аҳмаджон Мелибоев Азим Суюн ҳаёти, ижодининг ўқувчига маълум, номаълум жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтади. Китоб маълум маънода Азим Суюн оламига кириш учун калит вазифасини ўтайди. Бир лавҳа:
“Беш-олти йил аввал биз билан Дўрмонда бир маҳалла бўлиб яшаган марҳум Усмонхон муфтий ҳазратларининг ёш фарзанди оламдан ўтиб қолди. Қўшнилар – мен, Азим Суюн, Турсун Али, Қўчқор Норқобил Пойариққа бордик, жанозага қатнашдик. Қайтишда Азимбой Накурт орқали юрамиз деб қолди. Баландликка кўтарилиб, бир икки жойдаги қалтис бурилишлардан юрагимизни ҳовучлаб ўтдик. Қўчқорнинг хизмат машинасидамиз. Турсун Али газни аямай босади.
Бир жойда Азимбойнинг ишораси билан тўхтадик. “Кўринглар, ҳавас қилинглар, - дея ҳайқирди у, - Мана шу тоғлар бағрида ўсганман. Шу тоғларда боболаримизнинг изи бор, отамнинг нафаси, онамнинг аллалари қолган. Ҳў тепаликдаги булоқдан сув симириб катта бўлганман. Харсангтошларни қаранг, осмонга қаранг – бунақасини бошқа ҳеч жойда топиб бўпсиз, кўриб бўпсиз. Яна озроқ юрсак, Накуртга етамиз. Жоним Накуртга. Тошкентда юриб ташна бўлиб кетганман-да. Сизлар билмайсизлар. Шу ерда одамлар яшайди, тош ўчоқда таом тайёрлайди, сув ташийди, деворга таппи ёпади. Ер кўп, сув танқис, жилғалар пастдан оқиб ўтади. “Эҳ, дейман-да...”
Шу жойда Азимнинг кўзларида ёш кўрганман...”
Муаллиф – Аҳмаджон Мелибоевнинг дўсти ҳақидаги сўнгги сўзларини ўқиб ҳам кўнгил қалқиб кетади...
Шунингдек, китобдан атоқли сўз заргарининг қайирмалари, шеърлари, замондошлар эътирофи ва ҳикматлари ҳам жой олган.
“Шеърлари ўзига ўхшаган шоир”ни ўқинг...
Алишер Нарзулло, ЎзА