Назм
Зебо Мирзаева
ОНАМГА
Оқ сочлари оппоқ тун унинг,
Умри ҳалол ишққа байроқдир.
Оҳ, юзлари дунёйи дуннинг
Гўзалидан чиройлироқдир.
(Бўлолмадим ҳассасичалик),
Отам дардин кўтарган моҳим.
Ушоққина онам кўнглига
Бир ҳовуч нур бергил, илоҳим!
Ўзи потраб чиққан чашмадай
Ёнингиздан оқдиму кетдим.
Ўзгаларга дарё тутдиму,
Оҳ, онам-а, Сизни унутдим.
Қалдирғочлар мендан яхшироқ,
Бахт тўкади ҳур қучоғига.
Мен ҳам унинг тирноғиману,
Арзимайман, лек тирноғига.
Исмалоқлар бўйини тараб,
Баҳор шошса юрган жойига,
Раббим, мени гул қилиб ярат,
Ҳеч бўлмаса, унинг пойига!..
ИНТИҚЛИК
Туни билан ёққан ёмғирлар
Ювиб ўтди тонглар юзини.
Мен изладим ўзим учун сир
Бўлган бахтнинг ёруғ юзини…
Келдими деб сендан хабарлар
Эшикларни неча бор очдим.
Дайди шамол бебош боладай
Деразамни синдириб қочди!
Туни билан қийналди юрак
Ета олмай нур йўлларига.
Исминг қўнди капалак каби
Гоҳ тушимга,
Гоҳ қўлларимга…
Сен келмадинг,
Бироқ бу гал ҳам…
Мен куннинг қон юзига боқиб —
Ғижимланиб отилган хатдай —
Юрагимни юбордим ёқиб!..
…Туни билан ёмғирлар ёғди…
---------------------------------------------
Ҳалима Аҳмедова
МУНОЖОТ
Эй дард, кўзларимга солмагин парда,
Мен ёнган оташнинг кулимасми сен?!
Ёшлигимнинг ишққа тўлган кунларин —
Жавоби, ҳам сўлғин гулимасми сен?!
Фурсат бер, кўнглимни ювай тонг билан,
Шудрингга тўлдирай кўзим жомини.
Шунча яшаб ҳали топганимча йўқ,
Афсунгар ва дилбар ҳаёт номини.
Туннинг дарахтида пишган олмалар —
Юлдузлар ҳидидан айланар бошим…
Агар, ошиқ бўлсанг мискин жонимга,
Кўнглингга келмасин аччиқ кўз ёшим.
Эй дард, ёлвораман
Аллоҳ ишқила,
Қоронғу нигоҳим этгил мунаввар.
Бедард шамол каби кезай боғларни,
Қуёш уфқлардан келтирса хабар.
Осмонга юксалган дарахтлар каби
Зумрад ҳаволарни туйиб яшайин.
Ўлимдан қўрқмаган майсалардайин —
Ўзимни бир бора суйиб яшайин.
Эй дард, кўзларимга солмагин парда…
ВАТАН
Мен ҳеч кимга кўтармадим қўл,
Ва ҳеч кимга етмас зиёним.
Аммо сенинг олдингда тупроқ,
Айб қилгандай титрайди жоним.
Райҳонларга чулғаниб кетган —
Онам ҳиди келади сендан.
Биламанки хокисоргинам,
Сен ҳеч нарса кутмайсан мендан.
Маломатга қолиб бу бошим,
Сенга бағрим бериб ётган чоғ.
Юпатдинг ҳам, тушундинг мени —
Дўсту яқинларимдан кўпроқ
Мен туғилган кунимдан бошлаб,
Талпинганим сен бўлдинг, ишон.
Сенинг зарра-зарраларингда —
Ҳақ жамоли бўлди намоён.
Ўзга тупроқ тортмас дилимни,
Жойнамозим ўзинг, чўкдим тиз.
Ахир сендан юрагимгача
Боғлаб турар илоҳий илдиз.
Болам деб хўп яйратдинг мени,
Имкон бердинг ўйнаб кулгани
Фақат мени ўлгандан сўнг ҳам —
Қучоғингга олсанг бўлгани
---------------------------------------------
Хосият Рустамова
ЁМҒИР
Булутлар ёйилди кўкни тўлдириб,
Шамол қувиб кетди совуқ қишларни.
Яна дарахтларни ўйга чўмдириб,
Қораси кўринди оппоқ қушларни…
Бугун ҳам отгиси келмай отди тонг,
Бугун ҳам дардини ичига ютди.
Кексайган ҳолига қарамай осмон,
Сузғичдан ўтказиб олар булутни.
ДЕНГИЗ
Кўриниши бир кун жоҳилдай —
Бир кун эса жуда ҳам ғариб.
Амаллашиб қумли соҳиллар,
Сув остидан чиқар сирғалиб.
Яшираман йиғлагим келса,
Пана қилиб қуёш, кундузни.
Раҳми келган эшкаклар эса —
Қучоғига олар денгизни.
Зилола Хўжаниёзова
Бу йўлларда еллар сарсон, йиллар сарсон,
Умрим оқар Насаф -Тошкент орасида.
Йўл чигилар ошиққанда манзил томон,
Соғинч, дийдор кўзим оқу қорасида.
Мунисгинам, менинг тобим ўйидасиз,
“Йўлинг олис, чарчадингми, болам”, дейсиз.
Гулдай заиф, титраб турар қўлларингиз,
Дардман сизу, мен ношуднинг ғамин ейсиз.
Сиз тахтимсиз, давлатимсиз, кўрк-савлатим,
Сизсиз мендай ғариб, ночор топилмайди.
Остонага кўзин тикиб, муштоқ кутиб,
Тун оққунча қўшдарвоза ёпилмайди.
Кўзларимга халқобланиб ёш қуйилар,
Тишлаганим, бўғзимдаги тош туюлар.
Сиз-ла дунё оқибати бисёр, она
Бировларнинг ёлғон меҳри фош туюлар.
Шукур, етдик интиқ кутган баҳорларга,
Дастор олма гул очибди, оқ, пуштиранг.
Она, яна ният айтиб саҳарларда,
Бир бор бизмас, ўзингизга умр сўранг.
Бу чархи-дун ғам-ғуссага бозор экан,
Қўлим силтаб, найсонлар-ла елдим яна.
Нурга интиқ майсадайин бўй кўрсатган,
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим, она...
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим она...
СИЗ...
Ям-яшил юртларда бахтли эмишсиз,
Тонгда кабутарлар келтирди хабар.
Менинг муштоқ дилим кезади ҳиссиз,
Ҳижрон боғларида телба, дарбадар.
Бедорман - ўйларим, ишқим сиз билан,
Яшайман ишониб аҳдларингизга.
Соғинч гирдобида хазонман, хасман,
Тўкилгим келяпти... кафтларингизга.
Гарчи бунда баҳор, мен суйган апрел,
Юрагимга сиғмас унинг кулгуси.
Оппоқ туйғуларим, ширин ҳисларим
Сиз-ла туғилгуси, сизсиз ўлгуси.
Ёмғир эзиб ёғар, сиз кетган кундан,
Менга ҳамдард бўлди, бир он тинмади.
Хавотир изғиган, фироқ тунида,
Шивирлашдик... кўзга уйқу инмади.
Яна кипригимда янги тонг отди,
Илҳақ кутаяпман ёруғ бир хабар.
Келмайсиз... наздимда минг бир йил ўтди,
Ахир, уч кун ўтиб қарийди сафар.
Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз,
Менсиз кунларингиз ўтарми шодон?
Кўксимда бир қучоқ соғинч гуллари
Сўлиб қолмасидан, қайтинг, бегижон.
Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз...
---------------------------------------------
Мунира Рамазанова
КЎЗ КЎЗГА ТУШАР
Диллар яйрар, кўз кўзга тушар,
Чулғар сени қандай ҳаяжон.
Қарашларинг маънога тўла,
Нигоҳларинг сирли ҳар қачон.
Нетай, сенга ошиқ бўлибман,
Мафтун бўлдим ,о, сенга жоним.
Йўл кўрсатиб юраккинамга,
Сен томонга кетар хаёлим.
Рухсорингга бўлдим парвона,
Қулоқ солгин дардли шеъримга.
Меҳрибоним, асирингман мен,
Умр бўйи севги сеҳрингга.
ШАМОЛ
Теракзорда учрашар вужуд,
Бир-бирига пинҳона ошиқ.
Шамол эса майин эсади,
Севги ҳақда куйлайди қўшиқ.
Дарё бўйлаб кезар икки ёш,
Дарё юзи ялт-ялт этади.
Эҳтирослар кўрсатади бўй,
Унда ўтмиш чўкиб кетади.