8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Башоратхон Турсунова ёшлигидан ўғил болаларга хос феъли билан ҳаммадан ажралиб турар эди. У велосипед миниб, молларга ўт-ўлан териб катта бўлди. Сўлим Самарқанднинг Пастдарғом туманида вояга етган Башоратхонни тақдир шамоллари Қизилқум кенгликларига учирма килди. Турмуш ўртоғи Ўктам Тўлаев билан бағри ҳам саҳросидай кенг Қизилқум чўлининг мўъжизаси – Учқудуқни ўзларига макон, Ватан, деб билди.

Бундан 30 йил аввал Шимолий кон бошқармаси Шарқий конида оддий ишчиликдан фаолиятини бошлаган қаҳрамонимиз Шимолий кон бошқармаси кадрлар тайёрлаш бўлими томонидан ташкил этилган ўқув курсида касб сирларини ўрганди, малака оширди. Унинг эгаллагани юк кўтаргич (крановщик) мутахассислиги гарчи аёллар учун ноодатий касб бўлса-да, феълидаги мардлиги, ўғил болаларга хос абжирлиги устун келиб, шу мутахассисликни пухта ўзлаштирди.

Мана 23 йилдирки, Башоратхон Турсунова Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конининг “Занжирли кон экскаваторлари ҳамда бурғулаш ускуналарини таъмирлаш ва йиғиш бўлинмаси”да кран машинисти бўлиб ишлаб келмоқда.

Башорат опа 35 метр баландликдаги кранининг кабинасида туриб 5 тоннадан 50 тоннагача бўлган юкларни бир деганда, "даст кўтаради”. Ҳар тонгни шукроналик билан қаршилаб ишига келар экан, “Келин уйи”дай ясатиб қўйгани - крани кабинасига меҳр билан таъзим қилади. Башорат опа учун иш хонаси бўлган ана шу кран кабинасида унинг кунлари сергакликда, тунлари бедорликда ўтган.

– Қишда кабинам иссиқ, ёзда совуққина, – дейди қаҳрамонимиз.

Бу ишини севган аёлнинг бизга тўқиган ёлғонлари. Иссиқлар унга ғамини унутишга ёрдам берса, совуқлар унга одамзод синов учун яратилганини эслатиб туради. У ҳамма-ҳамма сирларини билган, дардларини эшитган крани кабинасини шу учун яхши кўради.

Бундан бир неча йил олдин Башоратхон опа автоҳалокат туфайли икки фарзандидан айрилган. Унинг йўқотишларини қайсидир маънода унутишга ёрдам берган жамоасини ҳурмат қилади.

– Агар улар бўлмаганида яшаб кетолмасдим, – дейди Башоратхон Турсунова. – Корхона менинг кичик Ватаним. Ватаним фаровонлиги йўлида чарчоқ нима билмайман.

Ишхонасидагилар эса унга бошқача таъриф беради. У фидойи ва тажрибали мутахассис. Башорат Турсунова коннинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўсишига, шунингдек, белгиланган режалар бажарилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти давомида у ўз касбининг ҳақиқий устаси, улкан салоҳият соҳибаси эканлигини намоён этди. Ҳалол ва камтарона меҳнатига ҳавас қилганлар унга шогирд тушди.

Башорат Турсунова ҳақида бугун яна бир сирни очиш вақти келди. Унинг Башорат исми фақат ҳужжатда юритилади. 30 дан ошиқ миллат вакиллари ишлаётган корхонадагилар ўз тилларига қулай қилиб уни Света опа деб чақиришади. Кези келса маслаҳат олишади. Бир оила фарзандидек бир жамоада меҳнат қилаётган ўзбеклар ҳам Света бўлса, бизга ҳам Света опада дейишган шекилли Башорат опанинг асл исмини ёдларидан чиқаришган.

Бу йилги 8 март байрам арафасида эса Башорат опанинг ўз исми яна тикланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра "Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармаси кран машинисти Башорат Турсунова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Бу баҳо 23 йилдан буён ҳар бир  кўтарганда 50 тоннагача юкни “улоқтираётган” Учқудуқнинг “полвон” аёлига берилган муносиб баҳодир.

Абдували Бўриев, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарзанд доғини қалбига кўмган аёл – ўзбекнинг Башорати, ҳамкасбларининг Светаси, Учқудуқнинг “полвон”и