Ўқиш ва иш ташвишлари, оилавий сабабларга кўра ҳозирда хорижда яшаётган ўзбек аёллари кўпчиликни ташкил қилади. ЎзА мухбири хорижда яшаётган ўзбек аёллари билан суҳбатда улар яшаётган мамлакатда ўзбек аёлларига бўлган эътибор, умуман жамият аёлларига яратилган шароитлар билан қизиқди. Уларнинг аёллик масъулияти ва бахти ҳақидаги фикрларини ёзиб олди.

Дилбар Ғаффорова(Германия):

Дунёнинг қайси бурчагида яшамайлик, биз аёллар бахтга интиламиз. Хорижда яшаётган жуда кўп ўзбек аёлларини танийман, юрт соғинчи туфайли ўксиклик бўлсада, аксарияти жуда бахтли. Мен ҳам аёллик бахтига эриша олдим, деб ўйлайман. Онаман, суюкли рафиқа, келин ва опаман. Албатта, хорижда ўзбек аёлининг турмуш тарзи, ижтимоий роли ўзгачароқ. Натижада масъулият ҳам кўпроқ. Бир томондан фарзандларни яшаётган муҳитга мослаштира билиш керак, бошқа томондан эса чиройли ўзбек қадриятлари, илдизларини сақлай олиш лозим. Қизларимга насиҳат қилувчи бувиси йўқлигини кучли ҳис қиламан. Миллий қадриятларга йўғрилган урф-одатлар, маҳалла институти ва ҳамфикрлар танқислигини ҳис қиламан.

Мана 11 йилдирки Германияда истиқомат қиламан. Тил ўргандим, ўзим учун янги бўлган мутахассисликни эгалладим. “Марбург” университети клиникаси (UKGM) психиатрия бўлимида ҳамшира бўлиб ишлайман. Германия қонун қоидаларини обдон ўрганиб, ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим. Бироқ бу ердаги жамиятга тўлақонли интеграция бўлолмадим. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистон муҳити, инсонлари билан руҳий мустаҳкам алоқада бўлганим, деб биламан.

Миллати ва яшаш жойидан қатъий назар, умуминсоний қадриятларга интиламан. Бироқ айнан ўзбек аёли сифатидаги ўзгачалигимни ҳамкасбларимнинг таърифлари орқали ҳис қиламан. Жумлада, аёллик назокатини сақлаганим, доим мазали таомлар билан бўлишиб ҳамкасбларга шарқ ифорини олиб кирганимни таъкидлашади. Албатта, кўп маротаба ўзбек аёли жуда меҳнаткаш бўларкан, деган мақтовларни ҳам эшитганман. Миллат имижини шаклланишида шу кичик тасвирни ўрнак мисолида олсак бўлар, эҳтимол. Шу каби таърифларни фарзандларимнинг дўстлари, синфдошларидан эшитиб қоламан.

Дилсора Фозилова (Канада): 

– Мендан аёл бўлиш бахти нима деб сўрадилар. Мен ҳаёт йўлимни бошлаганимда фикримда аёл ва эркак деган фарқни яратишдан бошламагандим. Аммо кўп ўтмай жамият айтилмас қонунларига эга бўлишини тушундим. Бу қонунлар қиз бола ва ўғил бола учун, аёл ва эркак учун бир хил эмас эди. Қизларда гўзал, меҳрибон, меҳнаткаш бўлиш, кулиб қараш, итоаткор бўлиш деган сифатлар улуғланишини, аммо кучли инсон бўлиш, фикрли бўлиш, мард бўлиш, қўрқмас бўлиш каби сифатлар инкор этилишини жуда эрта англадим. 

Мен учун аёллик бахти ўзимга, фикрларим қудратига бўлган ишонч, аёл бўлиб туриб, бир ўзбек қизи бўлиб туриб, Канада давлатининг энг интеллектуал доираларига кириб боролганим ва ўз сўзимга эга бўлганим. Мен учун аёллик бахти, илми кенг, юқори чўққилар сари интилганим. Мен учун аёллик бахти шуларнинг ҳаммасини она, уй бекаси, севимли аёл бўлиб туриб қилолганимдир. Бу дунё аёлдан ўрганиши керак бўлган сифатлар жуда кўп. Ривожланган давлатларнинг ривожланаётганига сабаб нима дейишганда доим уларнинг муваффақияти ишхона маданиятини эркак ва аёл сифатлари устида қураётганидир,  дейман. Эркакларда қатъият, қарор чиқариш ва жисмоний куч бор. Аёлларда эса, ҳамкорликда ишлаш, ишни охирига етказиш қобилияти, эшитишда ва фикрлашда сабрлилик бор.

Ҳаёт йўлларида аёл бўлиш нималигини англаганим учун, унинг туйғулари, унинг хаёллари, унинг чексиз курашига шерик бўлганим учун мен уни буюк деб атайман. Аёл юрган йўллар оловли. Шунча қудрат билан яшамоқ – бахт...

Рахшона Аҳмедова(Жанубий Корея): 

– Бир вақтлар онам бахт сўзини биз фарзандларига боғлаб гапирсалар тушунмасдим, сийқаси чиққан гапдек туюларди. Бугун эса ўз-ўзидан бахт сўзи фарзандларим бўйига бўйлашиб кетаётганидан ҳайронман. Аёл бахти оиласида эканини англайдиган ёшга етибман, чоғи.

Аёл ажойиб ҳилқат, ўзгалар бахтидан бахт топиб яшайди. Менинг назаримда, Ватан тинчи, ота-она дуоси, оила хотиржамлиги, болалар қувончи йиғиндисида аёл бахти мужассам. Айниқса, Ватандан олисда яшаётганлар буни кўпроқ ҳис қиладилар. Ҳар куни бўлмасада, кунора онанг овозини эшитиб турсанг, ёнингда фарзандларинг югуриб юрса, хафа бўлган чоғингда эса кўнглингни кўтарадиган суянч тоғинг, кунлик ташвишлардан чалғитадиган машғулотинг, севимли ишинг бўлса, бундан ортиқ бахт борми?!

Аёл зиммасида улкан масъулият бор. Аёл боғбон, аёл келажак ниҳолларини парваришлайди. Мен Ватан келажаги аёллар қўлида, дегим келади. Чунки у ўстирган ниҳоллар эртага Ватан корига ярайдиган дарахтлар бўлади. Аёл энг аввало келажак олдида масъул. Шунинг учун ҳам аёлни асраш-авайлаш керак.

Айни пайтда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида яшаб, ижод қиляпман. Мен ёзаётган ҳикояларнинг кўпи аёллар ҳақида. Чунки аёл ҳақида эркак ёзувчилар ёзган асарлардан кўпам кўнглим тўлмайди. Аёл дардини, қувончини тўла англаш учун аёл бўлиб туғилиш керак, фикримча. Шу билан бирга корейс тилини чуқур ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Ўзбек адабиётини корейс ўқувчиларига яхшироқ танитиш ниятим бор.

Марзия Содиқова (АҚШ):

12 йилдан буён АҚШда яшаётган бўлсам, аёл қадри, умуман олганда инсон қадри борлигига кўпроқ амин бўлиб бораверяпман.

Аёл хоҳ оилали бўлсин, хоҳ ёлғиз бўлсин ўз йўлини топиши, ишлаши, яшаши мумкин. Шахсан ўзим икки жараёнда ҳам яшаб кўрганман ва ҳеч қачон жамиятда менга нисбатан паст назар билан қарашмаган! Бу ерда аёллар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам алоҳида эътибор берилиши жуда қувонарли. Айниқса фарзанди билан ёлғиз бўлса...

Фарзандим билан ёлғиз яшаган пайтларим ҳам ҳеч ким ёмон кўз билан қарамаган. Ўшанда ҳам бахтсиз бўлганман, демайман. Чунки ҳеч ким қўлини бигиз қилмаган, ҳеч ким одам сафидан чиқармаган, қайтанга кўмак беришган.

Турмуш қурдим, бир ўғлим иккита бўлди Аллоҳга шукр. Турмуш ўртоғим ҳам ажойиб, олийжаноб инсон! Фикрлаш доираси кенг, асосийси тушунадиган, мени қўллаб-қуватлайдиган инсон. Демоқчиманки, аёл кишининг бахти тўкис бўлишига жамиятнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бўлса, турмуш ўртоғининг ҳам катта улуши бор.

Нафиса Омон(Туркия): 

– Ҳар бир аёлнинг энг катта бахти соғлиги, бағри бутунлиги ва кўнгли хотиржамлигида. Аёл бахтига асос эса уни умр йўлдоши томонидан муҳаббатга, ҳурматга, қадрга муҳтож этилмаслигидадир. Аёл жамиятда фаол, касбида моҳир, пазанда, ақл-заковатда тенги йўқ бўлиши мумкин. Олқишлар, эътирофлар атрофдагилари тарафидан ҳамиша ёғилиши, моддий тўкислиги жойида бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси тарозининг бир палласида бўлса, ҳаётидаги энг муҳим инсони - турмуш ўртоғининг муҳаббати ва қўллаб-қувватлаши иккинчи паллада туради ҳамиша.

Аёлга гулдан ҳам, пулдан ҳам муҳими – муҳаббат, қадр-қиммат. Агар мана шу нарсани бера олмас экансиз дунёларни олиб берсангиз ҳам қийматсиз бўлса керак.

Дилобар Маматова, ЎзА мухбири 

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориждаги бахтли ўзбек аёллари