Маълумки, фарзанд тарбияси билан машғул оилаларга давлат томонидан бола пули берилади. Бу каби ижтимоий ҳимоя воситалари фуқароларнинг ижтимоий ҳолати, меҳнат ва турмуш шароитлари, даромадлари даражасига боғлиқ ҳолда амалга оширилади.
Хўш, бола пули кимларга ва қанча миқорда берилади? Даромади бўлмаса бола пули берилмайдими? Бу каби саволларимизга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси масъул ходими Мухриддин Шамсиддинов жавоб берди.
– Болалар нафақаси ва моддий ёрдам оила аъзоларининг тақдим этган аризаларига асосан “Ягона реестр” АТ орқали кам таъминланган оила деб эътироф этилгандан сўнг тайинланади. Демак, оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад оиланинг ҳар бир аъзосига 498 минг сўм миқдоридан ошмаса улар болалар нафақаси олишлари мумкин.
– Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ким томонидан ва қай тарзда аниқланади?
– Оила, 2021 йилнинг 1 сентабридан — оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда;
2022 йилдан бошлаб оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари 498 минг сўм миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.
– Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам қанча муддатга тайинланади?
– Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ бола тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади, моддий ёрдам 6 ой муддатга тайинланади.
Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун ариза берувчи бўлиб оиланинг 18 ёшга тўлган ижтимоий нафақа олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади.
– Болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдорлари қандай белгиланган?
– 2021 йил 1 сентабрдан бошлаб болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори
250 000 сўм — 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун;
325 000 сўм — ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
150 000 сўм — оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
100 000 сўмдан — оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;
кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори — 380 000 сўм ҳисобланади.
– Бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилинаётган оналардан расмий даромад сўраладими?
– Йўқ, сўралмайди. Чунки бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга) расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд деган сабаб билан оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилмайди.
– Чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари мавжуд бўлса, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган деган сабаб билан болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилиши мумкинми?
–Йўқ, бу сабаб билан рад этилмайди. Чунки чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари мавжуд бўлса расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд деган сабаб билан оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилмайди.
Гуноза Бобоева, ЎзА