Олимларнинг таъкидлашича, асал таркибида инсон организми учун фойдали микроэлементларнинг 70 фоиздан ортиғи мавжуд. Ундаги зарур ферментларнинг юқори миқдордалиги, қариш жараёнини секинлаштирар экан.
Aсалари муми, елими (прополис) ва сути ҳам шифобахш маҳсулот сифатида замонавий тиббиётда кенг қўлланилади. Бугунги кунда «Ўзбекистон асаларичилар» уюшмаси томонидан кооперация асосида хонадонларга асалари уялари тарқатилмоқда.
Бу соҳа мутахассислари уни боқиш, асаларичилик соҳаси сир-асрорларини ўргатиб, кейинчалик етиштирган маҳсулотини сотишга ҳам кўмаклашмоқда. Буни Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида кузатиш мумкин.
«Сурхондарё асаларичилик» уюшмаси раиси Анвар Менглиевнинг маълум қилишича, уюшма томонидан хонадонма-хонадон юриб асаларичиликка қизиқиши бўлган фуқароларга асалари уялари тарқатилмоқда. Уларга асаларини боқиш сир-синоатлари ўргатилмоқда. Бугунги кунда Сурхондарё вилояти бўйича 83 мингта оилада асалари бор.
Вилоятда ўтган йили умумий қиймати 10 миллиард 400 мингдан ортиқ 17 та асаларичилик лойиҳаси амалга оширилди. Шунингдек, 31 миллиард кредит маблағи ҳисобига 1 минг 211 та хонадонда асалари оилаларини боқиш йўлга қўйилди ҳамда минглаб оилалар бандлиги таъминланган.
Албатта асални етиштириш, асаларини парваришлаш катта меҳнат ва тажриба талаб қилади. Бу соҳа сердаромад бўлгани боис, қизиқувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Имтиёзли кредит – 5 та асалари уяси учун 6 миллион сўм маблағ ажратяпти. Битта асалари уясидан 20 килограмм асал олинади. Демак, бир йилда рўзғорингизда боқилаётган бешта асалари уясидан 100 кг. асал олиш мумкин. Бугунги кунда бозорларда 1 кг. асалнинг ўртача нархи 50 минг сўм.
Бу бир йилда 5 миллион сўм қўшимча даромад дегани. Бир йилда икки маротаба асал олинишини инобатга олсак, мазкур даромад бундан ҳам ошади.
Кредитлар 7-8 йилга имтиёзли равишда берилади. Бу фақат асалдан олинадиган фойданинг ўзи. Бир мавсумда икки уч марта асалари болалайди. Нафақат асални, болариларни кўпайтириб сотиш орқали ҳам даромадни ошириш мумкин.
Сурхондарёлик Баҳодир Ғоипов ҳам асаларичилик соҳаси орқасидан рўзғор тебратяпти. Унинг айтишича мазкур вилоят асаларичилик учун жуда қулай.Сурхондарёда февраль ойидаёқ бодом, ўрик дарахтлари гуллайди.
Шу боис арилар қишки уйқудан уйғонади. Июнь, июль ойларида асаларилар далаларга чиқарилади. Янтоқ, қизилмия, пахта далаларида ва бошқа турли гиёҳлар гуллайди. У асаларичиликни дастлаб 5 қути асалари оиласини парваришлаш билан бошлаган. Бугунги кунга келиб, асалари оилалари сони 68 тага етди.
Баҳодир аканинг айтишича йилига асалдан 68 миллион даромад олар экан. Вилоятнинг тоғ, адирларидаги табиий гиёҳлари асаларичиликда катта аҳамиятга эга. Баҳодир ака асалариларни, асосан ана шундай яйлов ва тоғ адирларда парваришлайди.
Уюшма саъй-ҳаракати билан аҳолини сифатли асал билан таъминлаш баробарида Австралия, Украина, Германиядан келтирилган сермаҳсул ари зотлари Сурхондарё вилояти шароитига мослаштириб, юксак натижаларга эришмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, битта асалари бир килограмм асални йиғиш учун 4500 марта парвоз қилиши ва 6-10 млн. гулдан шира олиши керак экан. Фойдали ҳашаротга бу шароитни яратиб бериш эса асаларичининг зиммасида. Сердаромад тармоқнинг машаққатли экани ана шу тажрибанинг ўзидаёқ билинади.
Қолаверса, ҳозирда асалари пакети Тошкент вилояти ва Фарғона вилоятида экспорт қилинади. Тизим мана шундай ишланса, келгусида Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятида ҳам асалари экспорти йўлга қўйилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА