
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари бошчилигидаги гуруҳ мутахассислари навбатдаги “Саломатлик кунлари” ижтимоий акциясини Бухоро вилоятининг Ромитан туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказида ўтказди.
Марказ Ромитан, Пешку, Бухоро туманлари ва Газли шаҳри аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, қабул-диагностика бўлими, операцион ва операцион-реанимацион блокдан ташкил топган.
Ишчи гуруҳининг кунлик иш тартиби аввало мазкур марказ фаолиятини ўрганишдан бошланди. Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида 34 турдаги тиббий техника ва тиббий буюмлар билан жиҳозлаш стандартлари, даволанаётган беморлар ва уларнинг касаллик тарихлари, аҳолига сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш ҳамда марказни тор соҳа мутахассислари билан таъминлаш ишлари билан танишилди.
Шунингдек, қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни йўналишлари борасида олиб борилаётган режавий ишлар, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва вилоят филиали билан узвийлик ва ўзаро алоқа олиб бориш, туман мутахассисларини тажриба орттиришига кўмаклашиш, беморларга тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ маслаҳат ва диагностика, даволашни амалга ошириш борасидаги ишлар кўриб чиқилди. Марказнинг вазифалари тўғрисида тушунтиришлар берилди. Мутахассисларнинг тажриба орттиришига кўмаклашиш орқали амалий-услубий ёрдам кўрсатилди.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ромитан тумани субфилиали томонидан туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигига янада эришиш мақсадида операцион хона ва жиҳозлар, етишмайдиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиш, таъмирталаб аппаратураларни созлаш ишларини амалга ошириш, ЭОП аппаратини олиб ўрнатиш, дори-дармон таъминотини яхшилаш ва бошқа шунга ўхшаш айрим муаммоларни юқори ташкилотлар ва ҳокимлик даражасида ҳал қилиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шу билан бир қаторда Ромитан туманида янгидан қурилаётган қўшма жароҳатлар ва қон-томир касалликлари маркази биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам танишишди. Бино қурилиши бўйича Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жамшид Тохиров маълумот берди.
Мутахассислар томонидан тумандаги “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари ҳисобида турадиган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оила аъзолари ва ижтимоий муҳофазага мансуб беморларнинг 45 нафаридан ортиқроғи тиббий кўрикдан ўтказилди. 8 нафар саралаб олинган беморларга юқори технологик оператив амалиётлар бажарилди. Шу билан бирга юрак ўтказувчанлиги бузилган беморларга электрокардио-стимуляторлар ўрнатилди. 9 нафар беморга каминвазив манипуляциялар амалга оширилди.
Зариф Комилов, ЎзА