
ОНЛАЙН
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Маълумки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳаси тубдан ривожланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Шунингдек, соҳада сифатли минерал ўғит ва кимёвий воситалардан фойдаланиш етиштирилаётган маҳсулотлар сифатида муҳим ўрин тутади.
– Минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар биологик фаол бирикмалар бўлиб, улар билан ишлаш қоидаларининг бузилиши инсон саломатлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атроф-муҳитга хавф туғдирган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини пасайтиради, – деди Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари Иброҳим Эргашев. – Шунингдек, бугунги кунда минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар бозорида контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар учрамоқда. Қолаверса, контрафакт кимёвий воситаларни йўқ қилиш масалалари тартибга солинмаган ва республикамизда ушбу соҳанинг давлат назорати тўлиқ ўрнатилмаган. Ҳозирги кунда минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар муомаласи асосан “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиб келинмоқда. Ушбу қонуннинг нормалари фақатгина ушбу воситаларни рўйхатга олиш жараёни билан чекланган.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Депутатлар уни биринчи ўқишда кўриб чиқиш давомида қонун лойиҳасининг концепцияси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳуқуқ-ваколатлари ва мажбуриятлари қонун даражасида мустаҳкамланади. Энг муҳими, минерал ўғит ва кимёвий воситалар импорти, улгуржи ва чакана савдо фаолияти учун лицензиялаш натижасида ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларининг қалбаки турларини республика ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш устидан назорат ўрнатилади. Қонун лойиҳасига кўра, минерал ўғит ва кимёвий воситалар савдо фаолияти учун лицензия 5 йилга, рухсатнома эса 1 йил муддатга бериш кўзда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Унинг бугунги ҳаётимиз учун муҳимлиги таъкидланиб, лойиҳани такомиллаштириш мақсадида жойларда соҳа мутахассислари иштирокида семинарлар ташкил этиш лозимлиги айтилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг ушбу ҳужжат биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА