
Инсон бошига не савдолар, кўргиликлар тушмайди, дейсиз. Айбсиз айбдор бўлиб, сургун қилинганлар тақдири бунинг исботи. Қанча инсонлар армонда ўтди, яна қанчасининг қалбида жавобсиз саволлар бор.
Халқимиз синовларда кўп тобланди, хусусан, қатағон йилларида минглаб фарзандларидан айрилди.
Миллат фидоийларига ҳужум
Сталин шахсига сиғиниш йиллари Ўзбекистон халқлари бошига оғир кулфатлар солинди. 1937-1939 йилларнинг ўзидагина Ўзбекистон ССР ички ишлар халқ комиссарлигининг “учлик”лари томонидан 41 минг нафардан кўпроқ киши қамалди. Шулардан 6 минг 920 киши отиб ташланди... Эл кўзидан махфий сақланган ва унуттиришга ҳукм қилинган воқеалардан бири – Фарғона вилоятининг марказий нашри – “Фарғона” газетаси таҳририяти фаоллари тақдиридир. 1930-1937 йилларда таҳририятнинг забардаст ижодкорлари: Ашурали Зоҳирий, Лутфулла Олимий (масъул муҳаррир), Мухтор Муҳаммадиев, Эркин Носир, Восеъе Қаюмов, Усмон Акром (кейинчалик Ҳожи Олим Қобулий ҳам қамалган) “Ботир гапчилар” деган сохта ташкилот номи билан айбланиб, узоқ муддатга сургун қилинди. Булар орасидан фақатгина Лутфулла Олимий қайтиб келган.
Миллат фидойиларига нисбатан эълон қилинган қатағон сиёсати аёлларни ҳам четлаб ўтмади. Тарихнинг ўша жирканч саҳифаларини мажбур варақлаймиз, чунки бундай аёлларни эсламаслик, хотирасини эъзозламасликнинг иложи йўқ. Ана шулардан бири фарғоналик Тожихон Шодиевадир. Унинг аянчли тақдири билан танишарканмиз, бошидан қора кунлар ўтганини билдик.
Эгнида чарм камзул, бошида кепка
Ўзбекистонда хотин-қизлар кенгашлари фаолият бошлаган “Ҳужум” ҳаракати йилларида фаол аёллар вакиласи сифатида хотин-қизлар шўбаси инструктори этиб Хоразм округига хизматга жўнатилди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтиб, Қўқонга қайтди. Бу ерда ҳам шаҳар хотин-қизлар шўбаси мудири бўлиб ишлади. Йигирма беш ёшида эса бўлим мудири вазифасига тайинланди. Айни шу кезларда – 1927 йилда Тожихон Шодиева “Янги йўл” номида чиқиб турган журналда муҳаррир бўлиб ҳам ишлади. У журналист бўлмаса-да ўша давр фирқа тизгини республика миқёсидаги ишончли шахснинг хотин-қизлар матбуотини бошқаришини тақозо қиларди. Ғайрат, шижоатга тўла қалб ишлаб чарчамас, ўзига юклатилган вазифаларнинг ҳар қанча зил юкини кўтаришга ҳозир ва қодир эди. Эгнида чарм камзул, бошида кепка, ҳар қандай топшириқни адо этишга шай, ўз даврининг фарзанди эди у. Коммунистик партия тизимнинг масъул лавозимларида фаолият олиб борди. Унинг тақдири атоқли кинорежиссёр Малик Қаюмовни ҳам қизиқтирган. 1932 йилда “Тожихон Шодиева” деган ҳужжатли фильм яратилган. Бу фильмда кинорежиссёр республикамизда биринчилардан бўлиб паранжини ташлаган, ёш сиёсатчи Тожихон Шодиева ҳаётидан қатор лавҳаларни кинотасмага туширган.
Ҳеч қачон умиди сўнмади
Кечагина республикани бошқарган, юртнинг садоқатли фарзанди саналган Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби раҳбарлар ҳибсга олиниб, авахтага ташланган йиллари шундай қисмат Тожихон Шодиеванинг ҳам бошига тушди. Бу бахтиқаролик 1937 йилнинг 24 сентябрида НКВДнинг Тожихон Шодиевани ҳибсга олиш ҳақида чиқарган қароридан бошланди. Унда Ўзбекистонда фош этилган аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзоси сифатида зараркунандалик ишлар олиб боргани учун ЎзССР жиноят мажмуасининг 60-66-1 ва 67-моддаларига кўра Тожихон Шодиевани қамоққа олиш лозимлиги кўрсатилган эди. Унинг анкетасида қайд этилишича, ўша пайтларда Тожихон Шодиева Молотов тумани партия ташкилотининг котибаси эди. Отаси Тошмат ака Мирзаев Қизилқиядаги конда шахтёр бўлиб ишлаган. Улар 13 нафар бўлиб, онасидан эрта айрилган 1937 йил 7 октябрда яна бир ҳужжат - айблаш қарори пайдо бўлади. Унга кўра, Тожихон Шодиева 1928 йилдан аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига аъзо бўлганликда айбланади. Бу ташкилот қуролли ҳаракат билан совет ҳукуматини ағдариш ва Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, буржуа демократик давлатини тузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлиги кўрсатилади. Ҳужжат тагида Тожихон Шодиеванинг бундай дастхати ва имзоси бор: “Менга баён этилган айбномани тан олмайман”.
1937 йил 5 декабрдаги терговда Тожихон Шодиевага: “Сиз Икромов раҳбарлигида ҳокимиятни қуролли йўл билан ағдаришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига аъзо бўлганликда айбланасиз”, деган даъво бор. Бунга жавобан Тожихон Шодиева: “Аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига ҳеч қачон аъзо бўлмаганман”, дейди. Яна Акмал Икромовнинг топшириғига кўра, қўпорувчилик ишларини олиб боришда, пилла тутиш режасига зарар етказиш ниятида тут дарахтларини кестирганликда ва 1937 йил пилла тутиш режаси бажарилмаганликда айбланади. Колхозлараро ўтган йўлларнинг кенгайтирилиши сабабли тут дарахтларини кесиб ташлаш зарурати туғилганлигини ҳеч ким инобатга олмайди. Зарурат туфайли бажарилган иш махсус қилинган зараркунандалик деб саналади. Узоқ давом этган терговдан кейин – 1938 йил 4 октябрь куни СССР Олий Суди ҳарбий коллегиясининг сайёр сессияси ҳукмни эълон қилади. Тожихон Шодиева 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, мол-мулки мусодара этилади. Жазо муддатини ўташ учун Қозон турмасига жўнатилади. Ота-онаси қанча жойга мурожаат қилган, аммо бирор натижа бўлмайди.
Т.Шодиева неча-неча йиллар давомида она диёридан, қавму қариндошларидан йироқда азоб чекди. Аммо ҳеч қачон умиди сўнмади, ёруғ кунлар келишини кутиб яшади. 1950 йил 28 октябрь куни алоҳида мажлис қарори билан Тожихон Шодиева беш йил муддатга Хабаровск ўлкасига бадарға қилинди. Совуқ ўлкаларда ўтказган маҳбуслик ва бадарға азоблари натижасида касалликка чалинди, кўзлари хиралашиб қолди.
Опа яратган боғлар
Халқимизда “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ”, деган нақл бежиз айтилмаган. Тожихон Шодиева интиқлик билан кутган ёруғ кунлари ҳам келди. 1956 йилда биргина у эмас, қатағонга учраган бошқа юртдошларимизнинг иши қайта кўрила бошланди ва уларнинг аксарияти оқланди. Тожихон Шодиева ҳам оқланиб, ота юртига қайтди. У узоқ дам олиб ўтиролмади. Республика раҳбарлари Фарғона вилоятидаги боғдорчилик совхозига директорлик вазифасига тавсия этди. Қуруқ даштлардан иборат, Фарғона шаҳрига туташ бўлган юзлаб гектар майдон ўзлаштирилиб, оби ҳаёт олиб келинди. Аёл ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, куч ғайратини бунёдкорликка, боғ яратишга сарфлади. Тошлоқ ерлар боғу бўстонга айлантирилди. Раҳбарнинг уддабуронлиги ва ташкилотлиги боис қисқа йиллар ичида давлат хўжалиги салмоқли натижаларга эришди. Шунингдек, хўжалик аъзоларини қўллаб-қувватлашга, ижтимоий ҳимоясига муҳим эътибор қаратди. Улар учун янги уй-жойлар қуриб берилди.
Тожихон Шодиева 1981 йилда вафот этди. Кейинчалик опа асос солган хўжалик унинг номига қўйилди. Бугун орамизда йўқ бўлсада унинг эзгу ишлари тилларда, дилларда. У ҳақида Йўлдош Сулаймон “Жалада қолган гул” номли қисса ёзган. Фарғона шаҳрилик Мамлакатхон Ёқубова уни шундай эслайди:
– Синглисининг фарзанди бўлсамда Тожихон Шодиевани ўз онамдек кўрардим. Опам иккимизни боқди, кийинтирди, ўқитди. Ҳатто қизимни фарзанд сифатида олиб, камолга етказди. Умрининг йигирма йили азобда, совуқ ўлкаларда ўтган бўлсада, ҳеч қачон нолимаган. Меҳнат билан барча ғамларини унутишга ҳаракат қиларди. Шундай инсон қўлида тарбия топганим доимо фахр бағишлайди. Афсуски, унинг номига қўйилган кўча ўзгартирилди.
Тожихон Шодиева каби қатағонга учраган инсонлар халқимизнинг чинакам фидойилари эди. Уларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА