Ён-атрофимизда кўп қаватли уйлар конструкцияларига зарар етказадиган тарзда ўзгартиришлар қилингани ёки ушбу уйлар ҳудудида ноқонуний қурилмалар барпо этилганига кўп гувоҳ бўламиз.
Бу эса кўп квартирали уйлар ва одамлар ҳаёти хавфсизлигига ўз таъсирини кўрсатади.
Бу борада сўнгги 4 йил мобайнида 61 минг 677 та ҳолатда кўчмас мулк эгалари томонидан уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилмалар барпо этилганлиги аниқланган.
Аввал хабар берилганидек, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига аниқланган ноқонуний қурилмаларни фақат мажбурий кўрсатма бериш ёки судлар орқали бартараф этиш ҳуқуқи берилган. Аммо ўзбошимчалик билан барпо этилган ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда олдиндан давлат божи тўловидан озод этилмагани боис ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда қатор қийинчиликларга дуч келинмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бошқарув органларининг молиявий барқарорлиги таъминланишига, шу жумладан кўп квартирали уйларни бошқариш тизимида рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади. Бундан ташқари, аҳолига самарали сервис хизматлар кўрсатишнинг янги босқичларини амалиётга татбиқ этишга замин бўлади. Бугунги кунда уй-жой фондларини сақлаш борасида кўчмас мулк эгалари томонидан билдирилаётган кўплаб эътирозларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Депутатлар қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида халқ вакилларининг берган қатор таклифлари лойиҳада ўз ифодасини топганини қайд этдилар.
Мажлисда қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА