
ОНЛАЙН
Мамлакатимизда кейинги йилларда қулай инвестициявий муҳитини яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Соҳада олиб борилаётган ишларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Амалдаги қонун ҳужжатларида давлат мулкига эгалик қилиш (давлат мулкини сақлаш) бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмас. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 24 минг 927 та давлат муассасаси, 2 минг 285 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд бўлиб, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки юқорилигича қолмоқда.
«Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан давлат мулкига эгалик қилишни асослаш принциплари белгиланмоқда. Мазкур ҳужжатни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқиш давомида депутатлар лойиҳа юзасидан айрим эътирозларни билдирди.
Баъзи моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар берилди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА