Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган тадбирда ушбу қарорнинг мазмун моҳияти ҳақида ОАВ вакилларига батафсил маълумотлар берилди.
Геодезия ва картография соҳасида методология бўлими бошлиғи Бехзод Нишанов қарорнинг моҳиятига тўхталиб ўтди.
— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш, ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламенти;
Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланган, — дейди Б.Нишанов.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш, ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламенти ҳам кўпчиликда қизиқиш ўйғотди.
— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки юридик шахсларига доимий фойдаланиш, ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш ушбу Регламентга мувофиқ амалга оширилади, —дейди Давлат кадастрларни юритишда ҳудудлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қобил Бобожонов. — Ушбу Регламент кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари иштирокчиларига берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ариза берувчилар ўз хоҳишига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ер участкасини хусусийлаштиришга ариза тақдим этишлари мумкин.
Шунингдек, тадбир давомида Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар доирасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ЎзА