Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганнинг олис қишлоғида мукаммал таъмирланган мактаб фойдаланишга топширилди

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Мамай қишлоғида жойлашган 32-сонли умумтаълим мактаби “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Маърифат масканининг тантанали очилиш маросими туман ва қишлоқ фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик, айниқса, устоз муаллимлар, ўқувчилар учун чинакам байрамга айланиб кетди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим ва келажагимиз эгалари камолига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида ислоҳотлар ва янгиланишлар тобора кенгайиб бормоқда.

Олис Мамай қишлоғидаги ушбу мактаб 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, ўтган 30 йил давомида қаровга муҳтож ҳолга келиб қолганди. “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида 5 миллиард 200 миллион сўмлик мукаммал қурилиш ишлари амалга оширилиши натижасида илм масканида ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитлар яратилди. Физика, кимё, биология, технология фанлари бўйича қизлар ва ўғил болалар учун махсус фан хоналари, умуман, барча синфлар, спорт зали, кутубхона, информатика фан кабинетидан тортиб, ошхонагача замонавий талаблар асосида таъмирланди.

Демак, ушбу илм масканидаги 663 нафар ўқувчининг умумтаълим фанларини қунт билан ўрганиши, 48 нафар педагогик жамоанинг янги ташаббусларга интилиб, ёш авлодни келажак сари етаклаши учун барча имкониятлар муҳайё. Эндиликда ҳар бир педагог ва ўқувчи шижоат билан юксак марраларга интилиши лозим.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА