ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?
Бугунги кунда ҳаётимизни ахборот-технологияларисиз тасаввур қила олмаймиз. Бу нафақат кундалик юмушларда, балки давлат органлари фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хўш, ушбу ҳафтада АКТ вазири Шерзод Шерматов соҳани ривожлантириш йўлида қандай ишларни амалга оширди?
Жорий йил 2 февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Жиззах вилоятига хизмат сафари доирасида "Жиззах эркин иқтисодий зонаси"даги оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Global Optical Communication Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
“GOC-UZ” ишлаб чиқариш корхонаси Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмасини маҳсулотлар билан таъминлаш асносида юздан ортиқ кишиларни, шу жумладан, Жиззах шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан банд қилади.
3 февраль. АКТ вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд туризм марказини сифатли телекоммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш масалаларини ўрганди.
Ш. Шерматов Марказда амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар билан яқиндан танишиб, улар юзасидан топшириқлар берди. Ушбу ҳудудда мобиль алоқа сифатини янада яхшилаш ва аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида мобил таянч станцияларини ўрнатиш ва барча мобил алоқа операторларини сифатли ишлашини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
5 февраль куни. Шерзод Шерматов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалининг қурилаётган кампусини бориб кўрди.
Шунингдек, вазир ТАТУ Нурафшон филиали кампусини барпо этиш бўйча қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Ташриф чоғида АКТ вазири Ш. Шерматов Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалида ITPark филиалини очиш орқали илм-фан ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, дам олиш учун имкониятларни яратиш бўйича таклифларни берди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА