Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар таълим сифатининг пастлиги, ўқувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичи қониқарсиз эканлиги сабабдан ота-оналар ёнида кечирим сўрагани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат кўпчиликда норозилик кайфиятини уйғотди.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ушбу масалага ўз муносабатини билдирди:
«Ҳурматли жамоатчилик вакиллари!
Бугун Марҳамат туманида юз берган ҳолатни нафақат ўқитувчиларимизнинг шаънини ерга уриш, балки давлатимиз сиёсатига қарши амалга оширилаётган ҳаракат деб баҳолайман.
Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис бугун Президентимиз ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқдилар.
Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғу, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Ҳозирда Халқ таълими вазирлигининг ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, вазият ўрганилмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўйган «ташаббускорларга» албатта тегишли чора кўрилади», дейилади муносабатда.
Ф.Яҳёев, ЎзА