Президентимизнинг жорий йил 28 январдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги фармони асосида “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб, келгуси беш йил давомида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳамда 2022 йилда унинг ижросини таъминлаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Жорий йил давомида еттита асосий йўналиш, яъни биринчи – асосий иқтисодиёт тармоқларининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, иккинчи – аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш орқали камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, учинчи – аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, тўртинчи – вилоятнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, бешинчи – ижтимоий соҳани ривожлантириш, олтинчи – маданият, спорт ва туризм соҳаларини ривожлантириш, еттинчи – қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, кафолатли сув билан таъминлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
[gallery-5684]
Етти йўналишда 71 банддан иборат йил дастурида белгиланган ишларни амалга ошириш учун жами 19,6 триллион сўм ва 622,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Натижада 2022 йилда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 13,6 миллион сўмдан 15 миллион сўмга, аҳоли жон бошига умумий даромад миқдори эса 12,9 миллион сўмдан 14,5 миллион сўмга етказилади. Иккинчи аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш орқали камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш йўналишида вилоятда муайян ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Айни кунда вилоятда ишсизлар сони 135 минг нафар кишини ташкил этади, жорий йилда 51,6 минг нафар ёшлар илк бор меҳнат бозорига кириб келади. Бундан ташқари, 193 мингдан зиёд киши ишлаш учун хорижга чиқиб кетган. Аҳолининг ана шу қатламлари бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, 2022 йилда 5 та йўналишда 191 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Натижада ишсизлик даражаси 9,5 фоиздан 8,7 фоизга камайишига эришилади. Мисол учун Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 1 миллиард 98 миллион долларлик 501 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 40 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади. Бундан ташқари, вилоятда 15 та кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 8 мингдан ортиқ, Пахтаобод туманида эса 55 гектар майдонда «Андижон текстиль» индустриал зонаси ташкил этиш ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга пахта майдонларидан 10 сотихдан, жами 4,5 минг гектар ажратиб бериш ҳисобига 45 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 855 миллиард сўм кредит ажратиш ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида 36,3 минг нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади. Ҳоким ёрдамчилари орқали маҳаллалардаги хонадонларни 3 тоифага яъни, эҳтиёжманд, ўртача ва намунали хонадонларга ажратган ҳолда иш ташкил этиш, биринчи навбатда эҳтиёжманд хонадонлар даромад манбаини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман, йил дастурининг ҳар бир йўналиши бўйича амалга ошириладиган ишлар аниқ белгиланиб, ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Дастур ижросини таъминлаш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича тизимлар шакллантирилади. Хусусан, дастурнинг ҳар бир банди бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосарлари масъул этиб бириктирилади ва кундалик назорат тизими жорий этилади. Дастур ижроси доирасидаги ишлар ҳар ойда камида 2 марта жойларга чиққан ҳолда муҳокама қилиб борилади. Ҳоким ўринбосарлари, шунингдек, тегишли ташкилот раҳбарлари ҳар ойда ўзларига бириктирилган вазифалар ижроси юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларида ҳисобот бериб боради.
Ҳар ҳафта ҳокимлик соати йиғилишларида Дастур ижроси танқидий-таҳлилий муҳокама қилиб борилади, шунингдек, дастурда белгиланган ишларни самарали амалга ошириш учун жамоатчилик назорати жорий этилади. Мазкур йўналишдаги ишлар жамоатчилик кенгашларида муҳокама қилиш йўлга қўйилади. Дастур доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари учун доимий равишда матбуот анжуманлари ҳамда брифинглар ташкил этилади.
Бош мақсадимиз, олдимизга қўйилган вазифаларни самарали амалга ошириш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларимизга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш, энг асосийси, уларни ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашдир.
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА