Пиллачилик ривожига оид масалалар муҳокама этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги “VERIGROW IPAGI” хорижий корхонасида пиллачилик соҳаси ривожига бағишланган семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Семинарда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари Ҳамид Очилов, олимлар ва соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Наманган вилояти азалдан ҳунармандликни яхши ўзлаштирган ҳудуд ҳисобланиб, маҳалла ва хонадонларда косибчилик, нонвойлик, дурадгорлик, заргарлик, кулолчилик ҳамда ипакчилик устахоналари ташкил этилган.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда вилоятда 6 та пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича кластер корхоналари фаолият юритмоқда. Ҳудудда етиштирилган ипак, ипак момиғи ва ипакчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш алоҳида эътиборда.
[gallery-5687]
Пиллачилик кластерлари томонидан 2017 йилда 601,8 тонна пилла етиштирилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 1989,4 тоннага етказилган. Яъни 3,3 баробарга кўпайган.
Пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2021 йилларда жами 421 гектар майдонларда янги тут плантациялари ташкил этилиб, 10,6 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.
Кластер корхоналари томонидан ўтган 5 йил давомида 33,3 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Анжуманда пилла етиштириш жараёнларини такомиллаштириш, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш каби масалаларда ўзаро фикр алмашилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА