ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Олтиариқ тумани Катпут ММТП ҳудудидаги адирликларда янги ўзлаштирилаётган 1000 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши, режа бўйича берилган топшириқларнинг ижроси билан танишди.
Мутасаддилар билан мулоқотда ерларни ўзлаштириш, сув чиқариш ҳамда бетон устунлар ўрнатиш ишларини янада жадаллаштириш, участкалар ажратиб бериладиган фуқаролар рўйхатини шакллантириш ишларини тезлаштириш кераклигига эътибор қаратилди.
[gallery-5686]
Ҳудудда штаб ташкил этган ҳолда ишларни мувофиқлаштириш, бетон устунлар ўрнатиш ишлари учун қўшимча пудратчиларни жалб этиш, пировард мақсад баҳорда кўчат экиб, деҳқончилик бошланадиган даврга қадар токзорларни якунлаб, аҳолига бўлиб бериш лозим эканлиги таъкидланди.
Бу ердаги ўзлаштириладиган майдон 25 сотихдан 4 минг оилага 25 миллион сўмлик 7 йиллик имтиёзли кредит асосида бўлиб берилади. Бунда ҳар бир деҳқон хўжалигига бетон шпалер устунлар ўрнатилиб, ток кўчатлари экилган ҳамда томчилаб суғориш тизими ўрнатилган ҳолда тақдим этилади. Узумзорларни тақдим этишда фуқаролар рўйхати маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари хулосалари асосида шакллантирилади. Бунда мактаб битирувчилари, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизлар бандлигини таъминлаш асосий эътиборда бўлади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА