Ёхуд “Илк девон”нинг ўғирланиши
Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига
Навоийнинг “Илк девон”и қўлёзмаси бир пайтлар Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасининг нодир китоблар бўлимидан ўғирлаб кетилиб, жиноий йўл билан сотиб юборилишига сал қолганлиги ҳаммамизга маълум. Қўлёзмани Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) сақлаб қолган.
Ушбу қўлёзма 1465 йилда таниқли хаттот Султон Али Машҳадий (1432-1520) томонидан, тахминларга кўра, темурийлар давлатининг маданий марказларидан бири бўлган Ҳирот шаҳрида кўчирилган. “Илк девон” – бу, қанчалик ажиб туюлмасин, Алишер Навоий лирикаси мухлислари томонидан тўпланган шоир шеърларининг биринчи тўпламидир. У кўчириб тугалланган вақтда Навоий эндигина 25 ёшга тўлган эди ва у Ҳиротдан ташқарида яшарди. Навоий ўзининг илк шеърлар тўпламини тузишда бевосита иштирок этмаган.
Қўлёзма шуниси билан муҳимки, унинг мазмун-моҳияти шоир 25 ёшга тўлгунига қадар ёзган шеърлари ҳақида маълумот беради. Бундан ташқари, мазкур қўлёзма таниқли хаттот Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилганлиги билан қимматли ҳисобланади.
Айни девон Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида сақланади. Қўлёзманинг Россияга келиб қолиш тарихи қуйидагича эди. Мавжуд маълумотларга кўра, Навоийнинг “Илк девони” тақдири таниқли рус дипломати, шоир ва ёзувчи, драматург ва бастакор – дворян Александр Сергеевич Грибоедов (1795 йил, Москва – 1829, Теҳрон) шахси билан боғлиқ. У рус адабиётида Россия театрларида ҳали ҳам намойиш этилаётган "Ақллилик балоси" пьесаси билан шуҳрат қозонган.
Александр Грибоедов 1828 йилда Россиянинг Эрондаги элчиси этиб тайинланган эди. Хорижий мамлакатларнинг элчихоналари Эрон Озарбайжонининг маркази Табриз шаҳрида жойлашган эди. Эронга келганидан кўп ўтмай Грибоедов 1797-1834 йилларда ҳукмронлик қилган Эрон шоҳи Фатҳ Али Шоҳ олдида ўзини таништириш учун Теҳронга боради.
Янги тайинланган элчи шоҳ томонидан муносиб қабул қилинади. Теҳронда А.Грибоедов олдида мураккаб иш турар эди, унинг вазифаларига форслар қўлига тушиб қолган рус фуқароларини қидириб топиш ва Россияга қайтариш ҳам кирарди. Анъаналарга таянадиган жамиятда кўп нарсалар мураккаб эди. Масалан, элчихонанинг баъзи ишлари маҳаллий аҳолини ҳам, форслар ҳукуматини ҳам ғазабга келтиради. Кўп ўтмай маҳбуслар борасида низолар келиб чиқади. 1829 йил 30 январь куни Россия элчихонаси биносига ҳужум уюштирилади, ҳужум пайтида Александр Грибоедов бошқа кўплаб хизматчилар қатори ҳалок бўлади. Унинг жасади Тифлисга (Тбилиси шаҳига) олиб кетилиб, ўша ерга дафн этилади. Тўкилган қон ўрнини босиш учун Эрон шоҳи Петербургга, Николай I (1825-1855)га атаб совғалар юборади. Улар орасида ҳукмдор Заҳириддин Бобур (1483-1530) авлодлари тахтини безаб турган машҳур “Шоҳ” олмос ҳам бўлади. Совғалардан яна бири Алишер Навоийнинг “Илк девони” қўлёзмаси эди. Шундай қилиб, бу ноёб асар Санкт-Петербургга, Россия миллий кутубхонасига келиб қолади.
Бироқ қўлёзманинг “дарбадарлиги” шу билан тугамади. Россия миллий кутубхонасидаги энг қиммат қўлёзмалар қадимий нодир асарлар савдоси билан шуғулланувчи жиноятчи тўдаларнинг қизиқишини уйғотади. Улар ҳақида тасодифан билиб олдим (АЭ). 1968 йилда ушбу қўлёзма факсимилда нашр этилади (яъни, қўлёзма суратга олиниб чоп этилади). Бироқ бутун ҳаётим давомида Алишер Навоийнинг қўлёзма меросини ўрганиб, “Илк девон”нинг асл нусхаси билан танишиш имконига эга бўлмаган эдим. Бунга фақат 2015 йилда Россия миллий кутубхонасининг Нодир китоблар бўлимидаги қўлёзмалар тўпламини бориб кўрганимда муваффақ бўлдим.
Қўлёзманинг дастлабки саҳифасида унинг Эрон ҳукмдори Фатҳалишоҳ Қожор (1797-1834) кутубхонаси учун 1232/1816-17 йили олинганлиги қайд этилган. “Илк девон” қўлёзмаси билан танишиш учун у сақланаётган папкани очганимизда, алоҳида қоғозга мазкур қўлёзма билан танишиш санаси ҳамда ўз исм-шарифларини ёзганларни кўриш мумкин. Бунда 1952 йилдан бошлаб турли олимлар исмлари келтирилган. Булар: Г.И.Костигова (Машҳадий қўчирган қўлёзмалар бўйича диссертация ҳимоя қилган олима), Ҳамид Сулаймонов, Иванов, Камол Айни, Ёқубжон Исҳоқов, Ҳасанов, Воҳидий, Абдумажид Мадраимов, Мария Сабтельни, Феруза Мелвил ва бошқалар.
Айни рўйхатда қуйидаги ёзув ҳам бор эди: “1994 йил 11 декабрь куни қўлёзма Россия миллий кутубхонасидан ўғирлаб кетилди. 15 декабрь куни топилди ва 1995 йил 21 февралгача Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)да сақланди. Шундан сўнг Россия Ички ишлар вазирлиги бошқармаси томонидан кутубхонага тантанали равишда қайтарилди”.
Қўлёзма ҳақида маълумот топиш учун Нодир китоблар бўлими илмий ходимлари – фан номзодлари Ольга Василева ва Ольга Ястребоваларга мурожаат қилганимизда, улар ҳақиқатан ҳам 1994 йили қимматбаҳо қўлёзмалар кутубхона фондидан ўғирлаб кетилганлигини тасдиқладилар. Бу воқеа Россия матбуотида ёритилган эди. Ноёб китоблар бўлимидан оғирлиги 150 килограмм бўлган қўлёзмалар ўғирланган(!). Ўғрилик қилганлар мақсадларига эришаолмаган. Улар ўғирланган китобларни сотишга уриниш жараёнида қўлга олинган.
Мана шу 150 килограммлик қўлёзмалар орасида ғайриоддий конвертли, қаттиқ муқовали ва чиройли араб ёзувлари битилган Алишер Навоийнинг “Илк девони” қўлёзмаси ҳам бор эди. Афтидан, ўғрилар ушбу қўлёзманинг бебаҳолигини аввалдан билган ва катта жиноий режалар тузиб қўйган. Бир пайтлар Фатҳалишоҳ Россия императорлик саройига қимматбаҳо совғаларни саралаётиб, улар қаторига Алишер Навоийнинг “Илк девони”ни ҳам киритгани бежиз эмас эди.
Бироқ масала фақат “Илк девон”да эмас. Ҳозирда Россия миллий кутубхонасида Алишер Навоий ҳаётлик пайтида ёзилган яна иккита ноёб қўлёзма сақланмоқда. Улардан бири Султон Али Машҳадий томонидан 1493 йилда кўчирилган “Хамса” асари қўлёзмаси. Бошқаси 1499 йил 31 июлда кўчириб тугатилган Навоий асарларининг катта ҳажмли яна бир тўплами – 550 варақдан, яъни 1100 бетдан иборат Куллиётидир. Тасаввур қилинг, ушбу қўлёзмалар Ҳиротда, Алишер Навоий нигоҳи остида тайёрланган ва шоир уларни қўлларида ушлаган бўлиши эҳтимоли катта.
Шундай қилиб, бизнинг вазифамиз халқимиз меросини келажак авлод учун асраб қолишдир. Дунёда таниқли хаттот Султон Али Машҳадий томонидан қайта ёзилган 50 га яқин қўлёзма мавжуд. Уларнинг ҳар бири мусулмон китобчилик ишининг дурдона асарлари ҳисобланади.
Султон Али Машҳадий таниқли темурийлар ҳукмдори, шоир замондоши ва яқин дўсти – Ҳусайн Бойқаро (1469-1506 йилларда ҳукмронлик қилган) ва Алишер Навоийнинг шахсий нусха кўчирувчиси эди. Ҳусайн Бойқаро ҳам шеърий ижод билан шуғулланган. Замондошларининг ёзишича, Султон Али Машҳадий ҳар куни Ҳусайн Бойқаро учун ўттизта, Навоий учун эса йигирма байт шеър кўчирган. Уларнинг иккитаси – Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган Алишер Навоийнинг “Илк девон”и ва “Хамса” қўлёзмалари Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида сақланмоқда. Уларнинг ҳар бири ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қимматлидир.
Тарихнинг бизга гувоҳлик беришича, дунёнинг турли бурчакларида сақланаётган ва нафақат миллий, балки умумжаҳон меросини ифодаловчи маданий асарлар билан ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин. Шуни ёдда тутиш лозимки, барча бебаҳо моддий объектлар ҳам ўз маънавий қийматига эга. Шу сабабли ушбу ноёб қўлёзмаларнинг илмий муқаддималари ва шарҳлари билан бойитилган факсимилесини нашр этиш мақсадга мувофиқдир.
Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори,
Маданий мерос агентлиги бош мутахассиси ва
Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими.
ЎзА