Намангандан Россиянинг Перм шаҳрига илк парвоз амалга оширилди
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси ўзининг амалдаги ифодасини топмоқда.
Аҳолига қулай ва арзонлаштирилган нархларда ҳаво лайнерлари орқали йўловчи ташиш транспорти хизматини кўрсатиш борасида хайрли ташаббусга қўл урилди.
“Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акционерлик жамиятлари ҳамкорлигида Республика Транспорт вазирлигининг кўмаги билан Наманган вилоятида жойлашган “Namangan Xalqaro aeroporti”дан Россия Федерациясининг 9 та шаҳрига “Express” (арзонлаштирилган) ҳаво кемалари орқали тўғридан-тўғри авиақатновларни амалга оширишни бошлади.

Жорий йилнинг 30 январь куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти томонидан “Шарқий” хаб лойиҳаси доирасида Наманган-Перм йўналиши бўйича биринчи парвоз амалга оширилди. Илк рейс “Full economy”, яъни “тўлиқ иқтисодий синф”га ўтказилган “Airbus A320” ҳаво кемасида 174 нафар йўловчини 3 соату 10 дақиқада Россиянинг Перм халқаро аэропортига элтиб қўйди. Бу кўрсаткич Фарғона водийсидан Россия Федерацияси шаҳарларига бўлган талаб юқори эканлигидан далолат беради.
Шу тариқа, “Express” ҳаво кемалари “тўлиқ иқтисодий синф” тамойили асосида Наманган ҳаво дарвозасидан Россиянинг Перм, Уфа, Москва, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар ва Екатеринбург шаҳарларига парвозларни бошлади.

- Бир неча йиллардан буён Наманган халқаро аэропорти хизматларидан фойдаланиб келаман. Тўғриси, олдинлари жуда қиммат нархларда парвоз қилишга мажбур бўлардик, - дейди йўловчилардан бири фарғоналик Азизбек Дадажонов. - Эндиликда, авиачипталар нархи туширилгани хорижда ишловчи биз мигрантлар учун айни муддао бўлди. Шуни ҳам айтиш керакки, нархлар туширилгани маҳаллий аҳолини дам олиш мақсадида хорижга чиқишига имконият бериши билан бирга, юртимизнинг гўзал шаҳарлари ва бетакрор зиёратгоҳларига катта қизиқиш билдирган туристлар оқимини кўпайишига хизмат қилади.
Жорий этилгани янги парвоз турларидан нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки қўшни давлатлар фуқаролари ҳам фойдаланаётганлиги эътиборга моликдир. Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти, Ашт туманида истиқомат қилувчи Маъруфжон Мавлонов шундай деди:
- Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг ташаббуси билан чегараларимиз очилгани икки халқ ўртасида узилган ришталарни қайта тикланишига туртки берди. Айни шунинг шарофати билан, дунё миқёсида хавфсиз парвозларни амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган мамлакатингиз ҳаво лайнерлари хизматларидан фойдаланиб келяпман. Бугун Наманган шаҳрига келиб, арзон нархларда оилам билан бирга Россияга учаётганимиздан беҳад хурсандман.
Илк парвоздан сўнг, аэропортнинг ўзида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ҳамюртларимизга ҳаво лайнерлари орқали хизмат кўрсатиш борасида яратилаётган қулайликлар, шу жумладан “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг “Шарқий” хаб лойиҳасининг мақсад-вазифалари, кўлами, парвозлар харитаси ва рейслар нархи ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Компания маркетинг бўлими бошлиғи Шуҳрат Мирсаидовнинг қайд этишича, “Шарқий” хаб ташкил этилишидан кўзда тутилган асосий мақсад – Фарғона водийси аҳолсидан талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича парвоз қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишдир. Авиакомпания минтақадан Россия ҳамда водий аҳолиси орасида машҳур бўлган узоқ хориж шаҳарларига йўналиш тармоғини кенгайтириш мақсадида Наманган ва Фарғона халқаро аэропортларидан фойдаланади. Таъкидландики, ҳозирги вақтда “Шарқий” хабнинг биринчи босқичи сифатида Фарғона шаҳар халқаро аэропортидан Россиянинг Москва, Қозон ва Туркиянинг Истанбул шаҳарларига авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Дарвоқе, авиачипталар нархлари иқтисодий жиҳатдан қулай бўлиб, пандемия давридан аввалги тарифларга нисбатан солиштирганда 20 фоизга арзон қилиб белгиланди. Қолаверса, талаб ошгани сайин, Наманган вилоятидан парвозлар жўғрофиясини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти томонидан туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида келгусида “Namangan Xalqaro aeroporti”дан Россиянинг яна 2 та ва Қозоғистоннинг 1 та шаҳрига, шунингдек, ёз мавсумида денгиз бўйида жойлашган хорижий давлатлардаги 2 та шаҳарга парвозларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.