Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов вилоят божхона бошқармасида бўлиб, соҳа ходимларини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ташкил топганининг 30 йиллиги ва Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни билан табриклади.
–Ўта шарафли ва машаққатли касбни эъзозлаб келаётганингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди, – деди вилоят ҳокими. – Сизларнинг Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий хавфсизлигини таьминлаш, божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш, ташқи савдо операцияларининг, шунингдек, хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мониторингини юритиш, экспорт-импорт шартномаларининг ижросини таҳлил қилиш, контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш йўналишларидаги фидокорона хизматларингизни ҳамиша қадрлаймиз.
Масалан, воҳанинг эскспорт салоҳиятини оладиган бўлсак, 2018 йил вилоятдан 18 миллион долларлик маҳсулот хорижга жўнатилган. Ўтган йили бу кўрсаткич 280 миллион долларни ташкил этди. Авваломбор бу соҳадаги ютуқлар замирида сўнгги йилларда юртимизда мамлакатимиз экспорт ҳажмини оширишга қаратилиган ислоҳотлар турибди. Бу кўрсаткичларга эришишда сизларнинг ҳам муносиб ҳиссаларингиз бор. Вилоятнинг экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда бизга яқиндан кўмаклашаётганингиз учун ҳам сизларга чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.
Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги фармони соҳани янада такомиллаштириб, ходимлар ижтимоий ҳимоясини ошириш ва тадбиркорлар учун қатор қулайлик яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Қўшни давлатлар билан чегарадош жанубдаги воҳада божхона ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва божхона постларини замонавий усулда жиҳозлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Сариосиё туманидаги Шарғун шаҳарчасида шарафли касб эгалари учун 32 хонадонли хизмат уйи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. “Айритом” чегара божхона пости замонавий ва электронлаштирилган пост сифатида барпо этилиб, божхона назоратининг янги техника воситалари билан таъминланди.
Вилоят божхона бошқармаси ходимлари давлатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва давлат хазинасига божхона тўловларини ундиришдек муҳим вазифаларни шараф билан баажармоқда. Ўтган йил вилоят божхоначилари 475 та божхона қоидабузарликларини аниқлаб, мамлакатимиз ҳудудига 3,5 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олди. “Сариосиё” чегара божхона постининг сергак ходимлари 96 килограммдан дан ортиқ гиёҳванд моддани ушлаб қолди. Двлат бюджетига 227,5 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилди.
Тадбирда шу ҳақда ҳам атрофлича фикр юритилди. Соҳада самарали фаолият юритаётган бир гурух божхона хизмати ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири